“Associated Press of Pakistan”: ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш бўйича ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади
Ноябрь 04, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 53
ИСЛОМОБОД, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигида “ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади” сарлавҳаси мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш” тўғрисидаги қарор лойиҳасини бир овоздан маъқуллади.
Мазкур қарор ташкилотнинг Париждаги қароргоҳида бўлиб ўтган Ижроия кенгашининг 225-сессияси доирасида қабул қилинди. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурган эди.
Қабул қилинган ҳужжат моддий ва номоддий маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар каби замонавий глобал таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Нашрнинг хабар беришича, Ўзбекистон ташаббусини ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат қўллаб-қувватлаб, қарор лойиҳасининг ҳаммуаллифлари сифатида майдонга чиқдилар. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, шунингдек, Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатлари бор.
“Ўзбекистоннинг 2027 йилда Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиум ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқуллангани асосий натижалардан бири бўлди, деб ёзади нашр. — Ушбу тадбир турли мамлакатлардан етакчи мутахассислар, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда”.
Делегациялар Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлининг тарихий-маданий марказларидан бири бўлган Хивада симпозиум ўтказишга тайёрлигини алоҳида олқишладилар. Уларнинг фикрича, мазкур тадбирнинг ташкил этилиши тажриба алмашиш, касбий алоқаларни ривожлантириш ва қўшма ечимларни ишлаб чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
“Хивада 2027 йилда бўлиб ўтадиган симпозиум Самарқанддаги ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бошланган ишларни давом эттириши ва амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш майдончасига айланиши кутилмоқда”, — деб таъкидланади “Associated Press of Pakistan” мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси