Москвада Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига бағишланган махсус журнал нашр этилди
Ноябрь 04, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 138МОСКВА, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллигига бағишланган махсус журнални чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нашр замонавий Ўзбекистоннинг ютуқлари — кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ижобий натижалари, инвестициявий салоҳият, таълим, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳалар, очиқ ташқи сиёсат ҳамда халқаро ҳамкорлик, шунингдек, мамлакатимизнинг туристик имкониятлари ҳақида ҳикоя қилади.
Мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси бой тарихий-маданий мероснинг жадал иқтисодий ўсиш, технологик янгиланиш ва бизнес ҳамда инвестициялар учун яратилган янги имкониятлар уйғунлиги асосида шаклланаётганини таъкидлаганлар.
Журналда 2016 йилдан бошланган иқтисодий ислоҳотлар натижаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, валюта бозорини либерализация қилиш, солиқ тизимини такомиллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш, давлат рақамли хизматлари кўламини кенгайтириш ва давлат-хусусий шериклик механизмлари чуқур таҳлил қилинган.
Нашрда тарихий мерос ва замонавий тараққиёт жараёнлари давлатнинг янги қиёфасини шакллантирувчи омиллар сифатида ёритилган, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази эса Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалиш стратегияси сифатида кўрсатилган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий фан ва маданият марказлари қаторида замонавий тараққиёт билан одимлаб бораётган ҳудудлар, жумладан, Сурхондарё ҳақида ҳам алоҳида ҳикоя қилинади.
Шунингдек, журналда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадовнинг табрик сўзи чоп этилган. Унда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йили давомида эришилган муҳим натижалар қайд этилган. Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилгани, икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилгани ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ўсиб бораётгани алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, атом энергетикаси, ҳудудлараро алоқалар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига ҳам эътибор қаратилган.
Журнал 4000 нусхада нашр этилган бўлиб, у Россия вазирлик ва идоралари, ишбилармонлик, эксперт-таҳлилий, илмий, академик ва кенг жамоатчилик доиралари, шунингдек, Москвада аккредитация қилинган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ўртасида тарқатилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

