Минск ва Фарғона вилоятлари иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради
Ноябрь 04, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 91МИНСК, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь оммавий ахборот воситалари Фарғона вилояти делегациясининг Беларусга ташрифи ҳамда Минск шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум якунларини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда “БелТА” давлат ахборот агентлиги, “СБ. Беларусь сегодня” газетаси ва “Биринчи ахборот канали” каби Беларусь телеканаллари хабар тарқатди. Беларусь матбуоти икки минтақа ўртасидаги иқтисодий алоқаларни “янги амалий мазмун ва юқори динамика касб этган стратегик шериклик” сифатида баҳоламоқда.
ОАВ шарҳларида Фарғона ва Минск вилоятлари иқтисодиётлари бир-бири билан рақобатлашмаслиги, балки ўзаро бир-бирини тўлдириши алоҳида таъкидланган. Бу саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.
Ташриф доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Беларусь Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко билан учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва икки мамлакат саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф ва эришилган келишувлар ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда ҳудудлараро шерикликни мустаҳкамлаш йўлдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

