“Azzaman” газетаси: Ўзбекистонда 2027 йилдан 73 турдаги дори воситаси бепул берилади

Ноябрь 03, 2026. 20:55 • 2 дақ

• 120
“Azzaman” газетаси: Ўзбекистонда 2027 йилдан 73 турдаги дори воситаси бепул берилади

АЛ-КУВАЙТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг “Azzaman” нашрида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги давлат дастурларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва кафолатланган тиббий ёрдам кўламини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб фуқароларга 73 турдаги дори воситаси бепул берилади, шунингдек, 36 турдаги лаборатория таҳлиллари ва диагностика хизматлари бепул йўлга қўйилади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувида маълум қилинди. Янги чора-тадбирлар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни камайтиришга қаратилган. Ҳозирда кафолатланган тиббий хизматлар пакети 60 турдаги дори воситасини ўз ичига олади.

Ислоҳотлар доирасида оилавий поликлиникалар фаолияти такомиллаштирилади, янги лабораториялар ташкил этилади, шифокор ва ҳамшираларнинг малакаси оширилади. 2027 йил давомида янги тизимни яна 15 та туманда жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Нашрнинг қайд этишича, касалликларни эрта аниқлаш ҳам устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Хусусан, саратон ва юрак-қон томир касалликларини барвақт ташхислаш дастурлари кенгайтирилади. Бу орқали касалликлар туфайли юзага келадиган эрта ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Дастурни амалга ошириш учун 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида “Даволашдан профилактикага” тамойилини кенг жорий этиш, тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш сифати, беморлар хавфсизлиги ва санитария талабларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг яхши шифокор” ва “Энг яхши ҳамшира” танловлари ташкил этилади. Танлов ғолибларига 100 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари берилиши, 2027 йилда эса вилоят босқичи ғолибларини электромобиллар билан тақдирлаш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш