Ўзбекистон Президентининг хитой тилида чоп этилган китоби икки мамлакат ўртасида давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга ҳисса қўшади
Ноябрь 04, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 67ПЕКИН, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХРнинг етакчи “Женьмин” агентлиги томонидан хитой тилида нашр этилган “Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида” китобининг тақдимот маросимини кенг ёритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Синьхуа” ахборот агентлигининг ёзишича, китобда Ўзбекистон Президентининг 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда турли муҳим халқаро ва миллий тадбирларда сўзлаган нутқлари, қатор интервьюлари ва муаллифлик мақолалари жамланган.
Тақдимотда Хитой ва Ўзбекистон вакиллари, қатор мамлакатларнинг ХХРда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва дипломатлари, таниқли экспертлар ҳамда олимлар иштирок этди.
Мақолада таъкидланишича, маросимда халқаро ташкилотлар, икки мамлакатнинг ихтисослашган таҳлилий марказлари вакиллари нашрни мутолаа қилиш жараёнида олган таассуротлари ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Иштирокчилар гуманитар алмашинувларни мустаҳкамлаш, цивилизацияларнинг ўзаро бойишини кенгайтириш ва икки мамлакатнинг кўп асрлик дўстлигини ривожлантириш борасидаги муштарак интилишларини баён этди.
Марказий “Женьмин жибао” газетасининг маълум қилишича, китобда Ўзбекистоннинг ислоҳотлар ва тараққиёт, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш борасидаги самарали чора-тадбирлари ҳамда сўнгги ютуқлари яққол акс эттирилган. Асар Ўзбекистоннинг ўз миллий воқелигига мос келадиган тараққиёт йўлидан бориш борасидаги қатъий қарори ва ишончини ёрқин ифодалайди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига оид чуқур мушоҳадалари ва самарали амалиётини тўлиқ намоён этади.
Етакчи “China Daily” нашрининг хабар беришича, китоб “Ўзбекистон ислоҳотлар жараёнида”, “Ўзбекистон ва БМТ”, “Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти”, “Марказий Осиё ва Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари”, “Ўзбекистон: глобал барқарор ривожланишга содиқлик”, “Минтақавий ўзаро боғлиқлик” каби мавзуларни қамраб олган саккизта асосий бобга бўлинган.
Бу Хитой ва халқаро ҳамжамиятга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илгари сурилаётган йирик тарихий ислоҳотлар, Янги Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт йўли ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида кенг тушунчага эга бўлишга ёрдам беради.
“China News Service”, “Lookwe”, “NetEase News”, “Psearcher”, “Victwo” каби оммабоп ОАВлар ушбу муҳим воқеани ёритишга алоҳида эътибор қаратди.
ОАВнинг қайд этишича, мазкур китоб Хитой ва Ўзбекистон ўртасида давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни чуқурлаштириш жараёнига ҳисса қўшади. Асар Ўзбекистон тараққиётини ўрганаётган экспертлар, олимлар, жамоатчиликнинг барча қатламлари вакиллари ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун ноёб маълумотнома бўлиб хизмат қилиши, шу орқали келгусида гуманитар алмашинувлар ва мамлакатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга кўмаклашиши таъкидланган.
Хитойнинг асосий “CCTV”, “CGTN” ва “Feniks” телеканалларида тақдимотга бағишланган махсус репортажлар намойиш этилди. Ушбу дастурларда китоб Хитойнинг марказий давлат органлари, олий ўқув юртлари, миллий ва маҳаллий кутубхоналари, илмий-тадқиқот институтлари, маданият муассасалари ва йирик оммавий ахборот воситаларида тарқатилгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Хитой матбуотида таъкидланишича, китобда Ўзбекистоннинг Хитой билан муносабатларига, жумладан, “Макон ва йўл” ташаббуси ҳамда “Марказий Осиё – Хитой” саммити доирасидаги ҳамкорликдан тортиб, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлигача бўлган алоқаларга муҳим аҳамият қаратилган. Бу янги даврда ҳар қандай шароитда ҳам ҳар томонлама стратегик шерикликнинг қай даражада илгарилаганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





