“The World News”: Ўзбекистон ва Ўмон стратегик мулоқотдан амалий натижаларга ўтмоқда
Ноябрь 17, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 52
ИСЛОМОБОД, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” нашрида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифининг таъкидлашича, замонавий халқаро ҳамкорлик кўплаб учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки аниқ натижалар – ташкил этилган корхоналар, сотув бозорларининг кенгайиши, транспорт харажатларининг камайиши ҳамда аҳоли учун янги имкониятларнинг яратилиши билан баҳоланади. Айни шу нуқтаи назардан, бугун Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Икки мамлакатнинг устунликлари кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ишлаб чиқариш ва транспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Ўмон эса Ҳинд океани йўналишларида ривожланган порт инфратузилмаси, халқаро инвестициялар соҳасидаги тажриба ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига чиқиш имкониятларига эга.
Ушбу ҳамкорлик маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб, уни якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган кенг қамровли ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини шакллантириш имконини беради.
Нашрда ёзилишича, ҳамкорликнинг кўзга кўринган натижаларидан бири логистика соҳасидаги битимнинг амалга оширилиши бўлди. Хусусан, “Asyad Group” компанияси “Orient Group” ва “UzOman” иштирокидаги битим доирасида Ўзбекистоннинг иккита логистика платформаси – “Universal Logistics Services” ва “Highway Logistics Center” компанияларининг назорат пакетларини сотиб олганини маълум қилди.
Шу билан бирга, мақолада Ўмоннинг Дуқм, Соҳар ва Салала портлари ўзбекистонлик экспортчиларнинг транспорт имкониятларини кенгайтириши мумкинлиги қайд этилган.
Муаллиф иқтисодиётни диверсификация қилиш, ресурслардан масъулиятли фойдаланиш ва технологик янгиланиш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўмоннинг “Oman Vision 2040” дастурида муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.
Ҳар икки мамлакат учун қуруқ иқлим, сув танқислиги ва иқлимий хавф-хатарларнинг ортиши долзарб масалалар ҳисобланади. Шу боис экологик кун тартиби дипломатик муносабатларнинг иккинчи даражали йўналиши эмас, балки иқтисодий барқарорликнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
2026 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган “Oman Climate Week” тадбири доирасида икки мамлакат вакиллари сувни чучуклаштириш ва қайта ишлатиш, шўрга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экотизимларни тиклаш, ёшлар ўртасида илмий алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда чўлланиш жараёнлари ҳақида эрта огоҳлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Мақола якунида Ўзбекистон ва Ўмон узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришда кенг кўламли келишувлар доирасида амалий аҳамиятга эга лойиҳаларни белгилаётгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси