“Bez Asfaltu 4x4”: Ўзбекистон автосаёҳатчиларга табиий-иқлим шароитлари ва ғоят бой маданий мероснинг ноёб уйғунлигини таклиф этади
Октябрь 06, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 173
ВАРШАВА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг етакчи оффроуд-экспедициялар компанияси “Bez Asfaltu 4x4” веб-сайтида “Ўзбекистон бўйлаб 4×4 экспедициялари — Буюк ипак йўли ва чўллар” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг жозибали давлатларидан бири ва Буюк ипак йўлининг юраги сифатида таърифланган. Мамлакатимизнинг бетакрор табиий-иқлим шароити ҳамда бой маданий мерос синтези сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётгани қайд этилган.
Хусусан, қуриб бораётган Орол денгизи акваторияси, қум ва шағалли чўллар, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг бетакрор меъморий ёдгорликлари туризм салоҳиятининг муҳим қисми сифатида алоҳида таъкидланган.
Нашрда қайд этилишича, йўлтанламас автомобилларда ташкил этиладиган экспедициялар сайёҳларга анъанавий йўналишлардан четга чиқиб, ҳудудларнинг асл маданияти ва халқимизнинг самимий муҳити билан яқинроқ танишиш имконини беради. Шунингдек, саёҳатлар давомида хавфсиз ва қулай ҳаракат темпи сақланиши, табиат қўйнидаги тунашлар анъанавий меҳмонхоналар қулайлиги билан уйғунлашиши, тажрибали гидлар ва ташкилотчилар иштирокида юқори даражадаги логистика таъминланиши юқори баҳоланган.
Мақола якунида бундай ностандарт туризм формати европалик талабгор саёҳатчиларни жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг географик, тарихий ва табиий имкониятларини Европа бозорида кенг тарғиб қилишда муҳим хизмат қилиши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси