“Financial Times”: Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиши Ўзбекистоннинг маданий юксалишидан далолат
Октябрь 05, 2026. 20:40 • 2 дақ
• 145
ЛОНДОН, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “The Financial Times” нашрида Тошкентда фаолият бошлаган Замонавий санъат марказига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Тошкентда бунёд этилган Замонавий санъат маркази шаҳарнинг маданий тикланиши, бебаҳо бойликни қайта тиклаш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этган.
Муаллиф Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. 1966 йилги зилзиладан кейин қайта қурилган шаҳарда совет модернизми ва брутализм услублари анъанавий ўзбек меъморий мотивлари билан уйғунлашган. Замонавий санъат маркази ҳам ана шу тарихий ва меъморий қатламларни ўзида мужассам этган.
Марказ жойлашган бино XX аср бошларида меъмор Вильгельм Гейнцельман томонидан қурилган бўлиб, 1912 йилда Марказий Осиёдаги илк трамвай тармоғи учун генератор станцияси вазифасини бажарган.
Бинони реставрация қилиш бўйича меъморий концепция Франциянинг “Studio KO” бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Янгилаш жараёнида объектнинг тарихий қиёфаси ва саноат меъморчилигига хос хусусиятлари сақлаб қолинди. Айни пайтда бино замонавий маданий маскан талабларига мослаштирилди.
Нашр марказ архитектурасини унинг асосий жиҳозларидан бири сифатида таърифлайди. Тарихий ғишт деворлар сақлаб қолинган, янги материаллар – бетон, терраццо ва металл конструкциялар эса улардан аниқ ажратилган. Аркали ойналар, баланд марказий зал ва индустриал муҳит бинога ўзига хос эстетика бағишлаган.
Марказнинг илк кўргазмаларида халқаро ва ўзбек санъаткорларининг асарлари намойиш этилмоқда. Жумладан, тунислик рассом Надя Кааби-Линкенинг “Учар гиламлар” инсталляцияси, саудиялик Муханнад Шононинг “Бир нафас учун минора” асари ҳамда маҳаллий санъатшуносларнинг композициялари экспозициялардан ўрин олган.
Материалда қайд этилишича, бу лойиҳа Ўзбекистонда сўнгги йилларда маданият ва санъатга бўлган эътибор кучайиб бораётганининг яққол намунасидир. Бухорода халқаро биенналенинг йўлга қўйилиши ва Тошкентда Тадао Андо лойиҳаси асосида янги миллий музей қурилишининг бошланиши ҳам мамлакатнинг халқаро маданий майдондаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Замонавий санъат маркази биносининг ўзи санъат асарларидан ҳам кўпроқ эътиборни тортади. Аммо айнан тарих, меъморлик ва замонавий маданиятни бир маконда уйғунлаштиргани марказни Тошкентнинг янги маданий рамзларидан бирига айлантирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси