Австралиялик бухоро яҳудий аёл ўз аждодларининг ватани - Ўзбекистонни кашф этди

Июль 17, 2026. 15:00 • 2 дақ

164
Австралиялик бухоро яҳудий аёл ўз аждодларининг ватани - Ўзбекистонни кашф этди

ТЕЛЬ-АВИВ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Исроилнинг бухоро яҳудийлари ҳаётини ёритувчи “Менора” нашрида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, нашрда ушбу сана муносабати билан “Ўзбекистон–Исроил: биз икки мамлакатни севамиз!” номли махсус рукн ташкил этилган. Ушбу рукн доирасида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган туркум материаллар бериб борилиши режалаштирилган.

Хусусан, нашрнинг навбатдаги сонида асли келиб чиқиши бухоро яҳудийларидан бўлган австралиялик тадқиқотчи Таня Мунцнинг “Илдизларга қайтиш” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Ўзбекистонга қилган саёҳати таассуротлари ва ўз аждодлари илдизларини излаши ҳақида ҳикоя қилади.

Таня Мунц Ўзбекистонда туғилган бўлиб, гўдаклик чоғида оиласи билан Австралияга кўчиб кетган. Орадан кўп йиллар ўтиб, у ўз аждодлари тарихи билан яқиндан танишиш, ота-онаси ҳамда бобо-бувилари яшаган масканларни кўриш ва ўз миллий ҳамда маданий ўзлигини чуқурроқ англаш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.

Саёҳат давомида муаллиф Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, яҳудий маданий мероси обидалари, қадимий синагогалар ва маҳаллалар билан танишди.

Шунингдек ўқинг

У ўз мақоласида тарихий меросга бўлган эҳтиром, юртимиздаги миллатлараро тотувлик муҳити ҳамда ўзбек халқининг анъанавий меҳмондўстлиги унда жуда катта таассурот қолдирганини баён этади.

Бухорода маҳаллий мусулмон аёл билан бўлган учрашув алоҳида ўрин эгаллаган. Самимий суҳбатдан сўнг, улар биргаликда эсдалик учун суратга тушишган. Ушбу лаҳзаларни тасвирлар экан, Таня Мунц шундай деб ёзади:

“Биз қучоқлашиб суратга тушдик. Ўша лаҳзада кутилмаган бир ҳақиқатни англадим – бугун ушбу мусулмон мамлакатида ўзимни яҳудий сифатида айрим Ғарб давлатларидагидан кўра хотиржамроқ ҳис қилдим”.

Мазкур мақоланинг Исроилдаги бухоро яҳудийлари ҳамжамиятининг етакчи нашрида чоп этилиши хорижлик ўқувчиларнинг бугунги Ўзбекистонга, мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва маданий хилма-хилликни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган изчил сиёсатга бўлган юқори қизиқишидан яна бир бор далолат беради.

Мазкур ташаббус нафақат хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг тарихий Ватани билан маънавий алоқаларини мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг бағрикенглик ва диний бағрикенглик соҳасидаги халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш