Дональд Трамп: 280 мингга яқин рўйхатдан ўтган сайловчи мамлакат фуқаролигига эга эмас
Июль 17, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 50
ВАШИНГТОН, 17 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойни 2020 йилги сайловларга аралашганликда айблаб, разведка маълумотларини ошкор қилишини эълон қилди ва ахборотни яшириш билан боғлиқ эҳтимолий ҳолатларни тергов қилишни талаб этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, Хитой 2020 йилдан буён америкалик сайловчиларнинг маълумотларини йиғиш бўйича кенг кўламли операция ўтказиб келган. Унинг таъкидлашича, Пекин 220 миллион нафар фуқаронинг исми-шарифи, манзили, телефон рақами ва партиявий мансублиги каби маълумотларини ноқонуний равишда қўлга киритган.
“Мен сайлов инфратузилмамизнинг нақадар заиф эканини фош этувчи ўта муҳим разведка маълумотларини зудлик билан ошкор қилишни эълон қиламан”, – деди Америка етакчиси ўз ватандошларига йўллаган телемурожаатида.
Дональд Трампнинг қайд этишича, олинган маълумотлардан Жо Байден ғалаба қозонган 2020 йилги президентлик сайлови натижаларига таъсир ўтказишга уринишда фойдаланилган. Унинг фикрича, Хитой гўёки овозларни алмаштириш билан шуғулланган ва Америка ОАВларида ўзи ҳақида салбий материаллар чоп этилишини молиялаштирган.
Шунингдек, Трамп Ички хавфсизлик вазирлиги АҚШ фуқаролигига эга бўлмаган 280 мингга яқин рўйхатдан ўтган сайловчини аниқлаганини маълум қилди. Шу билан бирга, барча штатлар ҳам зарур маълумотларни тақдим этмагани боис, ҳақиқий рақам бундан-да юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Президент ўз мурожаатида Миллий разведка директори бошқармаси, Адлия вазирлиги, ФҚБ ва МРБга тахминий таҳдидлар ҳақидаги ахборот нима учун мамлакат раҳбариятига етказилмаганини аниқлаш ҳамда уни яширишга алоқадор шахсларни фош этиш вазифасини топширди.
“Бундай муҳим ахборот қандай ва нима учун яширилгани тергов қилинсин. Уни яширишга алоқадор шахслар ишдан бўшатилсин ва асослар мавжуд бўлса, айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилсин”, – деди давлат раҳбари.
Дональд Трамп АҚШ сайлов инфратузилмаси учун эҳтимолий таҳдидлар қаторида Россия, Эрон, КХДР ва нодавлат гуруҳларни ҳам санаб ўтди.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси ХХР ҳеч қачон Америка сайловларига аралашмаганини ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилишини билдирди. Дипломатик миссия АҚШдаги сайлов жараёни мамлакатнинг мутлақ ички иши эканини таъкидлади.
Айни пайтда, Америка ОАВлари АҚШда рўйхатга олинган сайловчилар рўйхатларининг катта қисми очиқ манбаларда мавжудлигига эътибор қаратди. Бундан ташқари, “CNN” телеканали хабарига кўра, расмийлар фойдаланадиган текширув тизими илгари фуқароликни олган ва фуқароликка қабул қилинган америкаликларни ҳам хатолик билан фуқаролиги йўқлар қаторига киритиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси