Logo

«Business Türk» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашр этилди

Февраль 02, 2026. 20:21 • 3 дақ

63
«Business Türk» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашр этилди

АНҚАРА, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Нуфузли «Business Türk» журнали Ўзбекистон Президентининг Туркияга расмий ташрифига бағишлаб махсус сонини нашрдан чиқарди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

20 га яқин мақола жой олган журналнинг махсус сонида мамлакатимизда 2016–2026 йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижалари ва «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида кенг тўхталиб ўтилган.

«Шавкат Мирзиёев ўз мамлакатининг бой тарихи ва ўтмишини чуқур идрок этиш баробарида, ҳозирги глобал воқеликларни ҳам теран таҳлил қилган ҳолда, узоқни кўра оладиган, қатъиятли сиёсат олиб бораётган давлат арбобидир», деб ёзади нашр бош муҳаррири Муҳаммед Рўзубай кириш сўзида.

Журналда Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим Ўзбекистон ва Туркиянинг умумий тарихи ва муштарак истиқболи ҳақида батафсил тўхталиб ўтган:

«Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар дипломатик алоқалар ёки долзарб ҳамкорлик мавзулари билангина чекланган эмас. Икки давлатни умумий тил, муштарак маданият ва теран тарихий тамаддун мулоқоти бирлаштириб туради. Асрлар давомида гуллаб-яшнаган бу биродарлик руҳи бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг энг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади», дея фикр билдирган Б.Йилдирим.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси Ўзбекистон–Туркия Дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен ўз мақоласида «Ўзбекистон заминининг армуғони бўлган Хоразмий, Ибн Сино, Форобий, Фарғоний, Беруний ва Улуғбек каби олимларсиз илм-фан ҳозирги даражасига етмаган бўлар эди. Имом Бухорий ва Имом Термизийсиз ҳадис илми тўлиқ бўлмас, Имом Мотуридийсиз калом илми такомулга етмас, Шоҳ Нақшбандийсиз тасаввуф тарихи тасаввур қилинолмасди. Қайсики илм-фан соҳасига мурожаат қилманг, Мовароуннаҳр ирфон сарчашмаларининг таъсирига гувоҳ бўласиз. Маърифат тарихида бу қадар теран ўрин тутадиган бошқа ҳеч бир мамлакат бўлмаса керак. Туркия турклари сифатида биз ҳам бу чуқур ва бой тарихни ўз тарихимиз деб биламиз. Биз Ўзбекистоннинг буюк олимларини бутун туркий дунёнинг умумий қадрияти, деб ардоқлаймиз», деб ёзади.

ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Саид Юсуф ўз мақоласида, қуйидагиларни қайд этган:

«Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида тарихий ислоҳотларни амалга ошираётгани, очиқ, амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани диққатга сазовордир. Ўзбекистоннинг, туркий халқлар билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий дунёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланишига катта туртки берди. Бинобарин, бизнинг тарихий ўтмишимиз бир бўлгани каби порлоқ келажагимиз ҳам бирлик ва ҳамжиҳатлик, янги ижодий ютуқлар билан муштарак».

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг туркиялик ректори доцент Чигдек Жамбай Туркйилмаз ўз мақоласида мамлакатларимиз ўртасидаги таълим бўйича ҳамкорликка алоҳида урғу берган:

«Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда икки қардош халқнинг тарихий, маданий ва маънавий яқинлигига асосланган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини кузатмоқдамиз. Икки мамлакат Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланди. Ушбу сиёсий ирода натижасида қўшма таълим дастурлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий тадқиқотлар, халқаро семинарлар ва конференциялар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Ушбу кенг қамровли ҳамкорлик муҳити СамДАҚУнинг халқаро майдондаги самарадорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деб ёзган ректор.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш