Туркиянинг Хатай вилоятида “Ўзбекистон маҳалласи” турар жой мажмуаси барпо этилди
Январ 29, 2026. 20:45 • 2 дақ
• 198
ХАТАЙ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Хатай вилоятида зилзиладан жабр кўрган оилалар учун “Ўзбекистон турар жой мажмуаси”ни қуриш лойиҳасини амалга ошириш ишлари якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон табиий офатдан сўнг биринчилардан бўлиб Туркияга инсонпарварлик ёрдами ва ФВВ қутқарувчилар гуруҳини юборди. Хусусан, 2023 йилнинг февраль–март ойларида Хатайдаги вайроналар устида 60 нафар қутқарувчи мамлакатимиз авария-қутқарув техникалари билан тегишли ишларни амалга оширди.
Шу билан бирга, жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш доирасида Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ва Туркия оммавий уй-жой қурилиши агентлиги (ТОКИ) билан ҳамкорликда Хатай вилоятининг Арсуз тумани ҳудудида “Ўзбекистон маҳалласи” турар-жой мажмуасини қуриш лойиҳаси амалга оширилди.
Ўрта ер денгизи соҳилида қад ростлаган иншоот 2,2 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, 306 хонадондан иборат 24 та турар жой биносини ўз ичига олади.
Хонадонларнинг ички қисми пардозланди, сув таъминоти, электр энергияси тизимлари, сув иситиш учун қуёш панеллари ва асосий маиший техникалар ўрнатилди. Болалар ва спорт майдончалари, автотураргоҳлар, дам олиш учун айвонлар барпо этилди.
Мажмуа Туркия томонидан янги қурилаётган 45 гектарлик шаҳарчанинг бир қисми бўлиб, масжидлар, мактаб ва бошқа ижтимоий-маиший объектларни ўз ичига олган 270 та бинода 3093 та хонадонга мўлжалланган.
“Ўзбекистон маҳалласи” икки мамлакат ўртасидаги ишонч ва ўзаро ҳурмат тимсолидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
