Ўзбекистон ва Малайзия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди
Февраль 02, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 53
КУАЛА-ЛУМПУР, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Осиё-Тинч океани форуми доирасида Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Малайзиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (SUHAKAM) раиси Моҳд Ҳишамудин Юнус билан учрашувди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлар, миллий институтлар фаолияти тажрибаси, мурожаатлар билан ишлаш амалиёти ва парламент билан ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хорижий томонга мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, миллий механизмлар ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институти ва бошқа муассасаларнинг фаолияти ҳамда соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида кенгайтирилган ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Малайзия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси “Suhakam” ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ушбу институтлар томонидан ташкил этиладиган ўзаро тадбирларда иштирок этиш, тажриба алмашиш ва малака ошириш дастурларини ташкил қилишга келишиб олинди.
SUHAKAM – Малайзия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси Парламент томонидан 1999 йилда қабул қилинган “Малайзия Инсон ҳуқуқлари комиссияси тўғрисида”ги Қонун асосида ташкил этилган. Ушбу ташкилот 2000 йилдан бошлаб ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Комиссия раиси ва аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда Малайзия Подшоҳи томонидан Бош вазир тавсияси асосида тайинланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
