“Daily Financial Time”: Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компанияси қиймати 936,3 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда

Ноябрь 16, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 171
“Daily Financial Time”: Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компанияси қиймати 936,3 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда

ИСЛОМОБОД, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily financial Time” нашрида “Ўзбекистон ва Ўмон: сармоя, ишлаб чиқариш ва янги бозорларга элтувчи йўналишлар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон учун Ўмон билан шериклик миллий иқтисодиётга сармоя жалб қилиш ва ўзбек маҳсулотларининг Кўрфаз ҳамда Шарқий Африка бозорларига кириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Инвестициявий ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар аллақачон якунланган бўлса, Ўмон операторининг Тошкентдаги юк терминалларини сотиб олиши кейинги босқич учун логистика таянчини яратди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Маскатга ташрифи арафасида ушбу имкониятларни янги ишлаб чиқариш қувватлари ва мунтазам етказиб бериш тизими билан боғлаш вазифаси биринчи ўринга чиқмоқда.

Мақолада олий даражадаги мулоқотларда ушбу кун тартиби бўйича аниқ тармоқ йўналишлари белгилангани таъкидланган. Хусусан, 2026 йил март ойида Шавкат Мирзиёев ва Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид минтақадаги вазият ҳамда Маскатга бўлажак ташрифни муҳокама қилган.

Шу йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўмон иқтисодиёт вазирини қабул қилган Ўзбекистон Президенти транспорт ва логистика, геология, электрон тижорат ҳамда рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек ўқинг

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлик кун тартибининг ҳозирги кенгайишидан анча аввал яратилган инвестиция механизмига эга. Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2009 йилда қабул қилинган.

Бугунги кунда унинг устав капитали 266 миллион долларни ташкил этади. Икки томонлама ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 510,8 миллион долларлик 12 та лойиҳа якунланган, яна 936,3 миллион долларлик 16 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ўзаро савдонинг катта салоҳияти аллақачон намоён бўла бошлади. 2026 йил январь–сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 бараварга ошди.

2026 йил июль ойидан буён амалга оширилаётган Маскат–Тошкент тўғридан-тўғри авиақатновлари ишбилармонлик алоқалари учун янада қулай шароит яратмоқда.

Янги ишлаб чиқариш қувватлари ва мунтазам юк ташиш хизматлари йўлга қўйилиши билан шериклик Ўзбекистон экспорти географиясини кенгайтиради ҳамда Ўмоннинг Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш