“Daily Independent”: Туркий давлатлар илмда интеллектуал макон сифатида бирлашмоқда
Июль 25, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 129
ИСЛОМОБОД, 25 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Independent” газетасида “Туркий дунё билан ягона интеллектуал макон сари: Ренессанс даврининг янги илмий интеграцияси” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Фазлиддин Мўминов ёзганидек, Марказий Осиё давлатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги сўнгги ўн йиллик ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда илмий-маърифий муносабатлар бу минтақадош стратегик шерикларнинг ҳамкорлик бобида янгиланиш даврига қадам қўйганликларини кўрсатмоқда.
“Хусусан Ўзбекистон олий таълим тизими бу жараёнда минтақавий интеграциянинг бош драйвери ва илм-фан хабига айланиб улгурди, – дея қайд этган у. – Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида Марказий Осиё давлатларидан келган 3 020 нафар ёшлар келажак пойдеворини қуришмоқда. Бу қўшни давлатлар ота-оналари ва ёшларининг Ўзбекистон таълим сифатига бўлган юксак ишончи белгисидир”.
Интилишларни амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун махсус Давлат грантларини жорий этди. Унга кўра, ҳар бир қўшни давлат учун йилига 20 тадан бепул таълим квотаси ажратилиши йўлга қўйилди. Бу қадам минтақада «маърифий дипломатия»га кенг йўл очди.
Нашрда таъкидланишича, таълим соҳасидаги интеграция тўлқини Марказий Осиё сарҳадларидан ошиб, Каспий ортига — Озарбайжон бағрига қадар кириб борди.
Бугун ушбу кўп томонлама ҳамкорлик ришталари Туркий давлатлар ташкилоти деб аталган улкан оилавий маконнинг энг муҳим пойдеворига айланди. Муҳими – бугун туркий давлатлар илмда ҳам интеллектуал макон сифатида ҳам бирлашмоқда.
Мақола муаллифи таъкидлашига кўра, бир пайтлар фақат қоғозларда акс этган “Умумий уйимиз” ғояси бугун университетлар аудиторияларида, талабалар орасидаги қизғин илмий баҳсларда яшамоқда.
Мақола “Демакки, бугун қардош еллар бағрида ўз уйидек меҳр ва эътибор билан илм олаётган талабалар эртага бутун минтақанинг иқтисодий хавфсизлиги, сув баланси, экологияси ва технологик мустақиллигини таъминлайдиган зиё кучига айнади. Шу маънода Марказий Осиё таълим интеграцияси – глобал дунёда рақобатга бардош бера оладиган ягона интеллектуал макон яратишнинг энг тўғри ва оқилона йўлидир”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси