“Daily The Spokesman”: Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг замонавий босқичи барқарор ижобий динамика билан тавсифланади
Июль 09, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 82
ИСЛОМОБОД, 9 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily The Spokesman” газетаси “Ўзбекистон–Беларусь: ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорлик асосида кўп қиррали шериклик мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг замонавий босқичи барқарор ижобий динамика ва ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишлар бўйича изчил кенгайиб бораётгани билан тавсифланиши таъкидланган.
Маълум қилинганидек, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларга 1993 йил 21 январь куни асос солинган. Беларуснинг Тошкентдаги элчихонаси 1994 йил февралдан фаолият юритмоқда, Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси эса 2017 йил октябрда ташкил этилган бўлиб, 2018 йил мартдан тўлиқ фаолият бошлаган. Ўтган давр мобайнида томонлар ўртасида кенг кўламли шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган ҳамда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг катта тажрибаси тўпланган.
Мақолада Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базаси ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олиши, ҳозирги кунда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида 126 та икки томонлама ҳужжат имзолангани қайд этилган.
“Асосий ҳужжат 1991 йил 6 ноябрда Тошкентда тасдиқланган Давлатлараро муносабатлар асослари тўғрисидаги шартнома бўлиб, у Ўзбекистон–Беларусь шериклигини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини ташкил қилади. Бу томонларнинг суверен тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига содиқлигини ифодалайди”, – дейилган мақолада.
Сиёсий мулоқот Ўзбекистон–Беларусь шериклигининг асосий пойдевори ҳисобланади. Юқори ва олий даражадаги доимий алоқалар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
1991–2026 йиллар давомида Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга олти марта ташриф буюрган. Жумладан 1994, 2018 ва 2024 йилларда расмий ташрифлар амалга оширилган. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 31 июль – 1 август кунлари Беларусга расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
“Daily The Spokesman”да босилган мақола “Ўзбекистон–Беларусь муносабатлари барқарор ривожланиш билан ифодаланади. Юқори даражадаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий шерикликнинг кенгайиши, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос равишда серқирра алоқалари янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси