Россиянинг Приморск ўлкасида Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди
Июль 09, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 94
ВЛАДИВОСТОК, 9 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Приморск ўлкаси Адвокатлар палатаси раҳбари Александр Илькун билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Ойбек Одилов ҳам иштирок этди.
Мулоқот давомида Приморск ўлкасида истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ватандошларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг миграция соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этишига кўмаклашиш, Россия миграция қонунчилиги билан боғлиқ ҳолатларда юзага келаётган муаммолар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашувда юртдошларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда зарур ҳолларда адвокатлик ёрдамини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Приморск ўлкаси Адвокатлар палатаси, юртимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тизимли равишда ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик ҳамюртларимизнинг Россия ҳудудида ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларга сифатли юридик кўмак кўрсатиш ва миграция масалалари бўйича ахборот-таълим ишларини кучайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси