Элчи Аюбхон Юнусов: Сўнгги икки йилда Ўзбекистон-Кувайт икки томонлама муносабатларида янги модель шаклланди
Август 12, 2025. 18:01 • 2 дақ
• 68
АЛ-КУВАЙТ, 12 август. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг "Al-Seyassah" газетасида "Ўзбекистон элчиси "Al-Seyassah" учун: "Мамлакатимиз билан Кувайт ўртасида 9 та ҳамкорлик шартномаси имзоланди" сарлавҳа остида элчи Аюбхон Юнусов билан суҳбат эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Интервью аввалида Ўзбекистон-Кувайт муносабатлари сўнгги икки йил ичида фаол ривожланиб, янги модель шакллангани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил февраль ойидаги Кувайтга бўлган тарихий расмий ташрифи билан янада мустаҳкамлангани таъкидланган.
"Ушбу ташриф якунида савдо, сармоя, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларида 9 та битим ва англашув меморандумлари имзоланди", – деган юртимиз элчиси.
Суҳбат чоғида Кувайтда Ўзбекистон маҳсулотларининг минтақавий марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилган. "Марказ Ўзбекистон маҳсулотларини сотиш ва Кувайт орқали Кўрфаз араб давлатлари бозорларига экспорт қилиш учун дарвоза бўлиб хизмат қилади. Биринчи босқичда асосий эътибор ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига қаратилади. Чунки уларнинг юқори сифати туфайли унга нисбатан минтақада талаб ортиб бормоқда", – дея қайд этган Ўзбекистон расмий вакили.
Таъкидланганидек, элчихона томонидан Кувайт Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 2024-2025 йилларда қатор бизнес-форумлар ташкил этилди. Бунинг натижасида икки давлат компаниялари ўртасида савдо шартномалари имзоланди. Кувайт бозорига Ўзбекистоннинг янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гўшт ва ширинликлардан ташқари гилос, шафтоли, ўрик, тарвуз, қовун, лимон каби маҳсулотлар экспорт қилинди. Кувайт истеъмолчиларининг ушбу маҳсулотларга қизиқиши ортиб бормоқда ва Элчихона савдо ҳамкорлигини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
"2024-2025 йилларда Кувайтда икки маротаба ўтказилган "Made in Uzbekistan" кўргазмасидан ташқари тўртта бизнес-форум ташкил этилди. Ушбу тадбирлар икки давлат ишбилармонлари ўртасида "В2В" учрашувларини ўтказиш, ҳамкорликнинг истиқболли имкониятларини аниқлаш имконини берди. Кувайт импорт компаниялари Ўзбекистондан ҳўл ва қуритилган мевалар, гўшт маҳсулотлари ва ширинликлар олиб киришга катта қизиқиш билдирмоқда. Масалан, 2024 йилда Кувайтга илк бор 20 тоннадан ортиқ ўзбек мевалари экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ортиб кетиши кутилмоқда",– дейилган суҳбатда.
Шунингдек, интервьюда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги маданий ҳамкорликка эътибор қаратилган.
"Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 февраль куни Кувайтга бўлган расмий ташрифи чоғида "Санъат ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим" имзоланди. Бундан ташқари, 2025 йилнинг март ойида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Кувайтга ташриф буюриб, музейларни бошқариш тажрибаси билан яқиндан танишди. 2025 йилнинг 12 май куни эса Кувайтда бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясининг 45-йиғилиши доирасида Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги ўзбек "Мақом" ансамблининг концерти ташкил этилди", – дея таъкидлаган дипломатик миссия раҳбари.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида
“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди