Logo

“Eurogospodarka” газетаси: Ислом цивилизацияси маркази – Янги Ўзбекистон рамзи

Апрель 02, 2026. 10:46 • 2 дақ

127
“Eurogospodarka” газетаси: Ислом цивилизацияси маркази – Янги Ўзбекистон рамзи

ВАРШАВА, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Польшадаги машҳур “Eurogospodarka” газетасида журналист Анжей Казимерскийнинг “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва интеллектуал ривожланиш стратегияси” номли мақоласини эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллифнинг таъкидлашича, тарих шуни кўрсатадики, ҳар қандай катта тараққиёт ­– илм-фан ва маънавиятга таянади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам шундай йирик ва муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади. У нафақат чиройли бинo, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғлаб турувчи маънавий ва илмий марказдир.

2026 йил март ойида марказнинг очилиши халқаро ташкилотлар ва етакчи нашрлар эътиборини тортди. Бу уни Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим маданий лойиҳаларидан бири сифатида кўрсатаётганини англатади.

Нашрнинг ёзишича, ушбу лойиҳа 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус асосида бошланган. У ерда Ислом динининг асл моҳияти – тинчлик, маърифат ва бунёдкорлик эканини дунёга кўрсатиш кераклиги таъкидланган эди.

Марказдаги энг муҳим экспонатлардан бири VII асрга оид машҳур Усмон Қуръони нусхаси ҳисобланади. У ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган ноёб ёдгорликдир.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан ташкил этилган илмий экспедициялар орқали дунё музей ва кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларнинг нусхалари йиғилган. Бу эса, миллий меросимиз нафақат минтақа, балки бутун инсоният учун муҳим эканини кўрсатади.

“Ислом цивилизацияси маркази фақат музей эмас. У илмий ва таълим маркази сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда катта кутубхона, реставрация лабораториялари, хаттотлик мактаби ва рақамли архивлар мавжуд. ICESCO, IRCICA ва Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби халқаро ташкилотлар ҳам шу ерда жойлашган”, дея фикр юритган журналист.

Материалда қайд этилишича, 2026 йил феврал ойида Парижда эълон қилинган маълумотларга кўра, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази “2026 йилнинг энг гўзал музейлари” рўйхатига киритилган.

Марказнинг очилиши Рамазон ойига тўғри келгани ҳам рамзий аҳамиятга эга. Чунки 2018 йил айнан шу ойда лойиҳанинг илк пойдевори қўйилган эди. Орадан йиллар ўтиб, бу марказ ислом маданиятини сақлаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутадиган масканга айланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш