Logo

“AJP”: Ўзбекистон–Тожикистон шериклигида янги саҳифа очилмоқда

Март 30, 2026. 15:23 • 2 дақ

159
“AJP”: Ўзбекистон–Тожикистон шериклигида янги саҳифа очилмоқда

СЕУЛ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири  “AJP” газетасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 26–27 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Ушбу ташриф минтақавий дипломатияда янги босқични бошлаб берди.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилди, шунингдек, икки мамлакат етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси маълумотига кўра, музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эмомалӣ Раҳмон “Стратегик ҳамкорлик ва иттифоқдош муносабатларни чуқурлаштириш бўйича Қўшма баёнот”ни имзолаган. 2024 йилдаги Иттифоқдошлик тўғрисидаги шартномага асосланган мазкур ҳужжат илгари мавжуд бўлган минтақавий зиддиятларни ортда қолдириб, тўлиқ интеграция йўлига ўтилганини англатади.

Нашрда қайд этилишича, музокаралар давомида иқтисодий ҳамкорлик асосий эътибор марказида бўлди. 2025 йил якунига келиб икки томонлама савдо ҳажми қарийб 912 миллион долларга етган.

Шунингдек ўқинг

Томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиб, мавжуд, аммо тўлиқ ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилган. Ўзаро манфаатли Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.

Ташрифнинг муҳим жиҳатларидан бири 10 та йирик қўшма лойиҳанинг бошлангани бўлди. Унга кўра, Тожикистонда мебель ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда тўқимачилик қувватларини барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Тошкентда турар жой мажмуалари ва савдо объектларини қуриш, Фарғона вилоятида эса консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Ташриф доирасида ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яқинлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш