Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради
Апрель 02, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 42
ПАРИЖ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Нодир Ганиев Франция Сенатининг Ташқи ишлар, мудофаа ва Европа ишлари комиссияси аъзоси, сенатор Валери Бойе бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида француз томони икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади.
Хусусан, “Франция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳларининг самарали фаолияти ҳамда турли даражадаги мунтазам мулоқотлар икки давлат ўртасидаги парламент дипломатиясини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ва амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, музокараларнинг муҳим қисми жорий йилнинг апрель ойида Франция Сенати делегациясининг Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланди.
Томонлар мазкур ташриф икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитишига ҳамда қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашинувини кучайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шерикликни парламентлар даражасида қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси