Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари Покистон нашри нигоҳида
Апрель 01, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 91
ИСЛОМОБОД, 31 март. /“Дунё” АА /. Покистоннинг “World News Pakistan” газетасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар истиқболларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик келишувлари иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Нашр Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига таянган ҳолда, 2017–2025 йиллар давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробарга ошиб, 912 миллион долларга етганига эътибор қаратган.
Муаллифнинг фикрича, бугунги кунда Тожикистон юртимизнинг асосий минтақавий шерикларидан бири бўлиб, ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар рейтингида тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Шунга қарамай, мавжуд иқтисодий салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, учинчи давлатлардан олиб келинаётган айрим маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар моллари билан алмаштириш орқали савдо ҳажмини яна 30–40 фоизга ошириш имконияти мавжуд.
Нашрда икки мамлакатнинг географик яқинлиги ва транспорт алоқаларининг ривожланганлиги савдо муносабатларини чуқурлаштириш учун қулай шароит яратиши алоҳида қайд этилган. Айниқса, автомобилсозлик, маиший техника, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари экспортини кенгайтириш энг истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилган.
“World News Pakistan” нашри саноат кооперацияси соҳасидаги имкониятларга ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, чегара олди ҳудудларида қўшма қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш ва агрологистика марказларини ривожлантириш икки давлат иқтисодиёти учун катта манфаат келтириши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси