“Financia Digital News”: G20 давлатлари Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида муҳим ўрин эгаллайди

Август 07, 2026. 12:30 • 2 дақ

142
“Financia Digital News”: G20 давлатлари Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида муҳим ўрин эгаллайди

ИСЛОМОБОД, 7 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Financia Digital News” нашрида Ўзбекистоннинг G20 мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ички ислоҳотлари жаҳон иқтисодий жараёнлари билан тобора чамбарчас боғланиб бораётган янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Шу боис G20 доирасида муҳокама қилинаётган масалалар Ўзбекистон учун амалий аҳамият касб этади.

G20 – “Катта йигирмалик” мамлакатлари ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 85 фоизи, халқаро савдонинг 75 фоиздан ортиғи ҳамда сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан икки қисми тўғри келади. Ўзбекистон учун бу капитал қиймати, талаб таркиби, инвестиция йўналишлари, саноат стандартлари, савдо қоидалари ва барқарор ўсишга оид ёндашувлар шаклланадиган муҳим майдондир.

Сўнгги йилларда инвестицияларни жалб этиш Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсгани, 43 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилгани ҳамда 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард АҚШ долларидан ошиши кутилаётганини таъкидлади.

Бу жараёнда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади. Унинг ҳуқуқий модели махсус тартибни, инглиз умумий ҳуқуқининг айрим элементларини, мустақил тижорат судини, капиталнинг эркин ҳаракатланишини, исталган валютада операцияларни амалга ошириш имкониятини, шунингдек, финтех, рақамли активлар ва яшил молиялаштиришни ривожлантиришни назарда тутади.

Нашрнинг ёзишича, савдо соҳасида G20 билан боғлиқлик яққол намоён бўлмоқда. “Катта йигирмалик” мамлакатлари аллақачон Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида муҳим ўрин эгаллайди.

2026 йилнинг январь–май ойларида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 32,8 миллиард АҚШ долларига етди. Асосий ҳамкорлар қаторидан Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Франция, Корея Республикаси ва Германия ўрин олган. Ушбу давлатларнинг аксарияти G20 таркибига киради ёки унинг иқтисодий тизими билан чамбарчас боғланган.

G20нинг Ўзбекистон учун амалий аҳамияти ҳам айнан шундадир. У жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш йўналишларини янада аниқроқ англаш, уларни миллий устувор вазифалар билан уйғунлаштириш ҳамда глобал тенденцияларни барқарор иқтисодий ўсиш учун аниқ имкониятларга айлантириш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш