Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш миллий моделини шакллантириш Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларининг нигоҳида
Январ 25, 2024. 09:43 • 3 дақ
• 174
ДEҲЛИ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Diplomacy India» ва «Sarkaritel» ахборот порталларида ўзбекистонлик эксперт, иқтисод фанлари доктори Дилдора Каримованинг Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг миллий моделини шакллантириш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларга бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

"Ўзбекистон Республикасининг 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциясида белгиланган «ижтимоий давлат» тамойиллари фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган манфаатлари ва ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, шунингдек, мазкур соҳада илғор халқаро стандартларга асосланган бошқарувнинг мутлақо янги тизимини жорий этишни тақозо этади, - деб таъкидлаган эксперт. - Давлат меҳнатга лаёқатли аҳоли даромадларини ошириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини муҳофаза қилиш механизмларини амалга оширишни назарда тутувчи самарали ва манзилли ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни бартараф этиш сиёсатини олиб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олди".
Материалда «Ўзбекистон-2030» стратегиясида "Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш" биринчи устувор йўналиш этиб белгилангани қайд этилган. Бунинг учун таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар ўтказиш, ижтимоий хизматлар тизимини қайта кўриб чиқиш ва қашшоқликни камайтириш назарда тутилган.
Мамлакатда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг барча ҳудудларда бўлимлари, шунингдек, республиканинг ҳар бир шаҳар ва туманида "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, мутаносиб минтақавий сиёсат юритиш, инфратузилма ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини ўз ичига олган 2030 йилгача бўлган даврда камбағалликни қисқартириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Иқтисодий механизмлар билан бир қаторда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари самарадорлигини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
«Минимал истеъмол харажатларига асосланган миллий камбағаллик чегараси тасдиқланди. Ушбу мезондан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилда камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда мазкур кўрсаткич 14 фоизга тушди, 2023 йилда эса 12 фоиздан иборат бўлгани тахмин қилинмоқда», деб қайд этилган мақолада.
Портал ўқувчилари эътибори Ўзбекистон 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш ва ўртача даромаддан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш мақсадини амалга ошираётганига қаратилган. Шу билан бирга, 2026 йилгача қашшоқликни 2 баробарга қисқартириш режалаштирилган.
Мамлакатда чора-тадбирларнинг манзиллилигини кучайтириш мақсадида давлат ёрдамига муҳтож оилалар ва фуқароларнинг ҳисобини юритишга ёндашув ўзгартирилди. Нафақалар бериш жараёнларининг манзилли ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон ахборот базаси — Ижтимоий ҳимоя ягона реестри яратилди, дея таъкидлаган материал муаллифи.
Мазкур ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларга нафақат болалар нафақаси ва моддий ёрдам, балки ижтимоий хизматлар ва ёрдам бепул ёки имтиёзли шартларда ҳам кўрсатилади.
Эксперт мақолада Ўзбекистонда миллий моделни жорий этиш орқали камбағалликни камайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида амалий мисоллар орқали батафсил маълумот тақдим этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси