ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва ИҲТТ докладида Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътироф этилди
Ноябрь 23, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 126
ПАРИЖ, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО штаб-квартирасида ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳамкорлигида тайёрланган илк болалик давридаги таълим ва тарбияга бағишланган доклад тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Париж шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон мактабгача таълим қамровини кенгайтириш борасида Марказий Осиёда энг салмоқли натижаларга эришган давлатлардан бири сифатида алоҳида қайд этилди.
“Тенглик, инклюзивлик ва сифат учун молиялаштириш” деб номланган халқаро докладда Ўзбекистон тажрибаси алоҳида мамлакат бўлимида таҳлил қилинган. Унда сўнгги ўн йилликда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров сезиларли даражада ошгани таъкидланган.
Хусусан, доклад маълумотларига кўра, мактабга чиқишдан бир йил олдин болаларнинг ташкиллаштирилган таълим билан қамрови 2016 йилдаги 28 фоиздан 2024 йилда 84 фоизга етган. Бу кўрсаткич даромади ўртачадан паст мамлакатлардаги ўртача даражадан (77 фоиз), даромади ўртачадан юқори давлатлар кўрсаткичидан (82 фоиз) ҳам юқоридир.
Муаллифлар эришилган натижаларни мактабгача таълим соҳасидаги институционал ислоҳотлар, давлат молиялаштиришининг кенгайтирилиши ва давлат-хусусий шериклик механизмларининг жорий этилиши билан боғлайди. Жумладан, хусусий ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш орқали таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани алоҳида эътироф этилган.
Докладда келтирилишича, 2017–2021 йилларда давлат-хусусий шериклик ва оилавий нодавлат боғчалар билан ҳамкорлик механизмлари 3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини икки баробар оширишга хизмат қилган.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хусусий боғчаларда имтиёзли ўринлар ажратилиши таълимда тенг имкониятларни таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида кўрсатилган.
Халқаро ҳамкорлик ҳам ушбу натижаларга эришишда муҳим ўрин тутган. Жаҳон банки, Халқаро тараққиёт ассоциацияси ва бошқа нуфузли ташкилотлар кўмагида амалга оширилган лойиҳалар натижасида 3–7 ёшли 3 миллиондан ортиқ боланинг таълим олиш имкониятлари кенгайтирилган.
Докладда 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Илк болалик давридаги таълим ва тарбия бўйича Жаҳон конференцияси ҳамда унинг якунида қабул қилинган Тошкент декларациясига ҳам муҳим ўрин ажратилган. Мазкур ҳужжат ҳар бир боланинг эрта ёшдан сифатли таълим ва тарбия олиш ҳуқуқини таъминлаш, мактабгача таълимни молиялаштиришни ошириш борасида халқаро ҳамжамият учун муҳим йўналишларни белгилаб берган.
Учта нуфузли халқаро ташкилотнинг қўшма таҳлилий докладида Ўзбекистон тажрибасининг алоҳида ўрин олиши мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда ўрганилаётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси