Ўзбекистонда китоб мутолааси ва китобхонликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Саудия Арабистони ОАВ нигоҳида
Июль 27, 2024. 13:03 • 3 дақ
• 286
АР-РИЁЗ, 29 июль. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Al Harir" газетаси веб-сайтида "Маърифат деб савоб олинг. Ўзбекистонда китоб мутолааси ва китобхонликни ривожлантириш ҳақида" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Бугунги Янги Ўзбекистонда китобхонлик ва мутолаа маданиятини ривожлантиришга, китоб нашрига катта эътибор қаратилмоқда, –деб ёзган муаллиф Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, шоир Сирожиддин Саййид. – Давлатимиз раҳбари "Таълим-тарбияда танаффус бўлмайди", деганларидай зиёлилар, маданият, адабиёт ва санъат намоёндари билан ўтказилган ҳар учрашувида, халқимизга мурожаат сифатида янграган ҳар бир тарихий нутқида жаҳон тамаддуни асосларини, дунёнинг ҳозирги замон илғор илм-фан ютуқларини ўрганиш ва билим олиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. "Билим, билим, билим", "Илм, илм, илм" деган сўзларни қайта-қайта таъкидлайди".
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти: "Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва китобхонларда", деб бежиз айтмаган.
Ўзбекистон Президентининг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши, "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги ва бошқа қарорлари бўйича улкан ишлар амалга оширилгани яхши маълум.
2020 йил 14 декабрда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, деб таъкидланган нашрда. Ушбу Миллий дастурни амалга ошириш жараёнлари ижобий самаралар бермоқда. Хусусан, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича мамлакатимизда жиддий амалий ишлар олиб борилмоқда. Китобхонлик танловларида ёшлар, айниқса, ўсмирлар ва болалар кенг иштирок этмоқда.
"Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари китоб мутолааси ва китобхонликни ривожлантиришга бағишланган тадбирларда фаол қатнашаётир. Уюшма қошида Болалар ва ўсмирлар ижодий кенгаши фаолият кўрсатмоқда, юртимиздаги барча мактаблар, олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида таниқли шоирлар, ёзувчилар томонидан маҳорат дарслари мунтазам ўтказиб келинмоқда", дея қайд этган Ёзувчилар уюшмаси раиси.
Ўтган давр мобайнида шоир, адиб ва таржимонларимиз томонидан "Рус адабиёти дурдоналари" 100 жилдлик китоблар мажмуаси, "Туркий адабиёт дурдоналари" 100 жилдик китоблар мажмуаси нашрга тайёрланди. Шу ўринда "Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари" номли 16 жилдик китоблар мажмуаси ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланиб, босмага топширилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз.
Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари" 100 жилдлик китоблар мажмуаси нашрга тайёрланмоқда.
"Бу ишларнинг ҳаммаси аввало ёшлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида китобхонликни ривожлантиришга қаратилган. Китоб нашри, китобхонлик тарғиботи бундан кейин ҳам муттасил ва узлуксиз давом эттирилади", – деб таъкидлаган шоир Сирожиддин Саййид.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси