“Albilad Press” газетаси: Форс кўрфази араб давлатлари Ўзбекистон энергетика соҳасига йирик сармоя киритмоқда

Август 05, 2026. 09:00 • 2 дақ

110
“Albilad Press” газетаси: Форс кўрфази араб давлатлари Ўзбекистон энергетика соҳасига йирик сармоя киритмоқда

МАНАМА, 5 август. /“Дунё” АА/. Форс кўрфази араб давлатлари Ўзбекистон иқтисодиётига кенг кўламли инвестициялар киритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Баҳрайннинг “Albilad Press” газетасига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатларининг инвестициялари Марказий Осиёнинг иқтисодий манзарасини янгича шакллантирмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон, айниқса, энергетика соҳасида Форс кўрфази сармоялари учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланган.

Бунга мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, электр энергиясига бўлган талабнинг жадал ўсиши ҳамда Ўзбекистонни минтақавий “яшил энергетика” марказига айлантиришга қаратилган давлат сиёсати асосий омил бўлмоқда.

“Arabian Gulf Business Insights” сайти эълон қилган ҳисоботга кўра, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари инвесторлари узоқ йиллар давомида асосан кўчмас мулк ва халқаро молия бозорларига йўналтириб келган сармояларини энди Ўзбекистон энергетика тизимини модернизация қилишга қаратмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ушбу жараёнда етакчи ўринни эгаллаган. Бугунги кунда Ўзбекистон компаниянинг энг йирик хорижий бозори ҳисобланади. Мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 15 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Улар шамол ва қуёш энергетикаси, “яшил” водород ишлаб чиқариш соҳаларидаги йирик ташаббусларни ўз ичига олади. Бу эса Форс кўрфази давлатларининг Ўзбекистон иқтисодиёти салоҳиятига бўлган ишончи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон 2030 йилга қадар “Каспий денгизи орқали яшил энергетика йўлаги” лойиҳаси орқали табиий газ экспорт қилувчи мамлакатдан тоза энергия экспорт қилувчи давлатга айланишни мақсад қилган. Мамлакатда йилига 300 кундан ортиқ қуёшли кунлар мавжудлиги эса қуёш энергетикаси лойиҳалари учун юқори рақобатбардошлик устунлигини таъминламоқда.

Ўзбекистон Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари учун энергетика соҳасидаги энг истиқболли инвестиция йўналишларидан бирига айланмоқда.

Бу ҳамкорлик нафақат электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтириш, балки иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга хизмат қиладиган замонавий интеграциялашган энергетика тизимини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш