Беларусдан Ўзбекистонга “Славян карвони”нинг иккинчи юк поезди йўлга чиқди
Август 05, 2026. 10:02 • 2 дақ
• 89
ОРША, 5 август. /“Дунё” АА/. “Славян карвони” лойиҳаси доирасида Орша-Восточная станциясидан “Беларусь–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон” йўналиши бўйича 3 август куни иккинчи юк поезди жўнатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Беларусь темир йўллари” матбуот хизмати маълумотига кўра, поездга қарийб 4 минг тонна ёғочни қайта ишлаш саноати ва озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган. Ушбу маҳсулотлар нафақат Ўзбекистонга, балки қўшни Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам етказиб берилади.
Айни пайтда, 30 июль куни йўлга чиққан биринчи юк поезди 4 минг километрлик масофанинг қарийб 2,5 минг километрини босиб ўтиб, Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланмоқда.
“Беларусь темир йўллари” вакилларининг таъкидлашича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши озиқ-овқат, кимё, қурилиш материаллари, ёғочни қайта ишлаш ҳамда машинасозлик маҳсулотлари экспортчилари учун янги имкониятлар очади. Шунингдек, у Ўзбекистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқишни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Славян карвони” лойиҳаси доирасидаги биринчи юк поезди 8–9 июль кунлари Минск шаҳрида Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқариш доирасида йўлга қўйилган эди.
“Беларусь темир йўллари” сайтидан олинган
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси