“Global Korea Post”: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик ҳамкорлик стратегик шерикликнинг муҳим йўналишига айланмоқда

Август 02, 2026. 11:02 • 2 дақ

49
“Global Korea Post”: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик ҳамкорлик стратегик шерикликнинг муҳим йўналишига айланмоқда

СЕУЛ, 2 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “Global Korea Post” электрон нашри Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик ҳамкорликка бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик 2008 йилда имзоланган тегишли келишув асосида шаклланган бўлиб, айни пайтда ушбу йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган янги ҳукуматлараро ҳужжат устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, материалда Ўзбекистон ва Озарбайжон экология вазирларининг “COP28” ва “COP29” конференциялари майдонларида ўтказилган учрашувлар ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида экологик соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги декларациянинг қабул қилиниши муҳим воқеалар сифатида келтирилган.

Бундан ташқари, мақолада Осиё тараққиёт банкининг 2025–2034 йилларга мўлжалланган “Музликлардан фермаларгача” минтақавий дастури ҳақида сўз юритилган. Қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган мазкур ташаббус иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган.

Шунингдек ўқинг

Муаллиф экологик мониторинг, ҳаво сифатини назорат қилиш, “яшил” инфратузилмани ривожлантириш, “Green University” орқали илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш ҳамда янги ҳукуматлараро келишувни ишлаб чиқишни истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатган.

“Global Korea Post” нашри хулосасига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик шериклик босқичма-босқич стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилиб, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва туркий дунё учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш