“Global Korea Post”: Ўзбекистон ва Қирғизистон экологик ҳамкорликнинг янги босқичига чиқмоқда
Август 01, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 58
СЕУЛ, 1 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “Global Korea Post” нашрида “Ўзбекистон ва Қирғизистон: экологик ҳамкорликнинг янги босқичи ва истиқболлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида экологик ҳамкорлик изчил ривожланиб, икки мамлакатнинг барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва биохилмахилликни муҳофаза қилиш соҳаларидаги шериклиги янги мазмун билан бойиб бораётгани таҳлил қилинган.
Нашр муаллифининг қайд этишича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси 1996 йилда имзоланган ҳукуматлараро битим билан яратилган бўлиб, 2022–2025 йилларда бу йўналишдаги амалий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Шу даврда томонлар қор барсини муҳофаза қилиш, ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш, иқлим кун тартибини илгари суриш ҳамда экологик таълим соҳасида қатор қўшма ташаббусларни амалга оширган. Хусусан, 2024 йилда “Green University” учун грант ўринларини ажратиш тўғрисида меморандум имзоланиб, Халқаро тоғлар кунига бағишланган қўшма тадбир ташкил этилган.
Шунингдек, мақолада ЮНЕСКОнинг “Ғарбий Тянь-Шань” трансчегаравий мерос объектини асраш, қор барсини муҳофаза қилишга қаратилган меморандумлар ҳамда МДҲ, ШҲТ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро экологик тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик алоҳида тилга олинган.
Бундан ташқари, нашрда истиқболли йўналишлар сифатида Қирғизистонни Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича минтақавий ҳамкорликка кенгроқ жалб этиш, шунингдек, БМТ Европа иқтисодий комиссияси кўмагида Марказий Осиё учун экологик самарадорлик бўйича минтақавий шарҳни тайёрлаш ташаббуслари ҳақида сўз юритилган.
“Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги экологик шериклик стратегик хусусият касб этиб, Марказий Осиёда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурсларни асраш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга хизмат қилмоқда”, - дея якунлаган “Global Korea Post”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси