Иордания ОАВ: Аммон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда
Июль 08, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 104АММОН, 8 июль. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг етакчи “Jordan Times” газетаси ва “Petra” ахборот агентлиги томонидан Иордания Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар вазири Айман ас-Сафадининг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига бағишланган кенг қамровли мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда қайд этилишича, олий даражадаги мулоқотлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарини қабул қилган. Музокараларда икки давлат раҳбарларининг 2025 йил август ойида бўлиб ўтган тарихий учрашувларида эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди. Шунингдек, Аммон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки халқни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилган.
Иордания матбуоти вазир Айман ас-Сафади ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўртасида ўтказилган алоҳида кенгайтирилган музокаралар тафсилотларига ҳам кенг ўрин ажратган. Вазирлар олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Йўл харитаси”ни кўриб чиқдилар. Мақолаларда таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг жорий йил якунига қадар Иорданияга режалаштирилаётган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида томонлар 20 га яқин муҳим икки томонлама ҳужжатлар пакетни имзолашга шайламоқдалар.
Араб дунёсининг бош нашрлари икки мамлакат ўртасида виза талабларининг ўзаро бекор қилиниши тўғрисидаги битим, Иордания-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашини тузиш ҳақидаги келишув ҳамда яқин орада ташкил этиладиган биринчи қўшма бизнес-форум иқтисодий алоқаларни тубдан фаоллаштиришини баён этган.
Халқаро ва минтақавий кун тартиби хусусида сўз борганда, томонлар Яқин Шарқда барқарорликни тиклаш, Ғазо секторига гуманитар ёрдамларни узлуксиз етказиш зарурлигини қайд этиб, Фаластин муаммосини икки мустақил давлат тамойили асосида адолатли ҳал этиш зарурлигини яна бир бор тасдиқладилар.
Нашрлар юқори мартабали меҳмоннинг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюргани, ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий меросини намойиш этувчи дунёдаги энг етакчи марказлардан бири эканлигига гувоҳ бўлганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мақолаларда жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтаётган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро Ислом цивилизацияси форумида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги муфтийси, доктор Аҳмад ал-Ҳасанат иштирок ҳақида ҳам қайд этилган.
Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан таниқли олимлар, мутафаккирлар ва диний арбобларни жамлаган ушбу нуфузли анжуман ислом цивилизациясининг инсонпарварлик қадриятларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Форум дастуридан қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ислом илм-фанларини ривожлантиришга бағишланган конференциялар ўрин олган бўлиб, унда, айниқса, Имом ал-Мотуридийнинг калом мактаби, Имом ал-Бухорий мероси ҳамда Термиз ҳадисшунослик мактаби фаолиятини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


