Швециядан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни илгари суришда муҳим роль ўйнамоқда
Август 01, 2026. 13:30 • 3 дақ
• 69
СТОКГОЛЬМ, 1 август. /“Дунё” АА/. Швециядаги Хавфсизлик ва тараққиёт сиёсати институти катта эксперти Йохан Энгвалл “Дунё” ААга 30 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон–Қирғизистон саммити якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида чегараолди ҳамкорлик, сув ресурсларини бошқариш, инфратузилма, туризм, таълим ва бошқа соҳаларга оид ўндан ортиқ ҳужжатни имзоланди.
Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларини Тошкентнинг Қозоғистон ва Озарбайжон билан муносабатларига ўхшаш даражага олиб чиққан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши энг муҳим воқеа бўлди.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома 2017 йил 5 октябрда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг қабул қилиниши билан бошланган ўзгаришларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Ушбу декларация Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан конструктив муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради. Янги келишув узоқ вақт давомида Марказий Осиёда энг мураккаб ҳисобланган муносабатларнинг улкан ўзгариши жараёнида тарихий аҳамиятга эга бўлди.
2016 йил Президент Шавкат Мирзиёев ўз олдига мавжуд зиддиятли вазиятни ўзгартириш вазифасини қўйган эди. У Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб, “қўшнилар билан ноль муаммо” тамойилига амал қилди.
Ўшандан бери кўп йиллик ички минтақавий кескинлик муносабатларини, жумладан, ўзаро ҳудудий даъволар ва сув ресурслари билан боғлиқ низоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон умумий макон – Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш шиори остида барча қўшни давлатлар билан яқин муносабатларни изчил ривожлантирди.
Янги Марказий Осиёни шакллантириш доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўн йилдан камроқ вақт ичида минтақадаги энг яқин стратегик шериклардан бирига айланди.
Яқинлашиш ҳар икки томонга ҳам фойда келтирмоқда. Қирғизистон учун Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш қарийб 40 миллион истеъмолчига эга Ўзбекистон бозорига кириш орқали кенг иқтисодий имкониятларни очади. Бундан ташқари, транспорт алоқаларини яхшилаш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон учун афзалликлар эса Қирғизистон ҳудуди орқали мамлакатнинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Хитойга ўтувчи транспорт йўналишларига барқарор кириш, ҳаётий муҳим сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни ўз ичига олади.
Ҳар икки давлат учун ўзаро савдони янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш, айниқса, аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсида барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Имзоланган шартноманинг аҳамияти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар доирасидан анча кенгдир. Ишончга асосланган ҳамкорлик аста-секин Марказий Осиёда минтақавий сиёсатнинг асосий тамойилига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, шартнома минтақанинг бешта давлати бир-бири билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қиладиган “Янги Марказий Осиё”нинг шаклланишини ифодалайди.
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ихтиёрий ҳамкорликни ривожлантиришда етакчи роль ўйнайди. Бу принципиал аҳамиятга эга. Янада интеграциялашган минтақа ташқи кучлар билан муносабатларни бирлик нуқтаи назаридан қуриш имкониятига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, ташқи кучларнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги келишмовчиликлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши хавфини камайтиради.
Бошқача айтганда, минтақавий бирликнинг мунтазам мустаҳкамланаётгани Марказий Осиёнинг барча давлатларига мувозанатли ва кўп векторли ташқи сиёсат юритиш учун кўпроқ имкониятлар тақдим этмоқда.
Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар дунёнинг бошқа минтақалари учун ҳам муҳим сабоқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги иттифоқчилик шартномаси шуни кўрсатадики, кўп йиллик низолар изчил сиёсий саъй-ҳаракатлар орқали тинч йўл билан ҳал этилиши мумкин. Ишончнинг мустаҳкамланиши ва зарур сиёсий ироданинг мавжудлиги муросага эришишга ёрдам беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси