Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президентининг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки ҳақида
Июнь 12, 2025. 11:00 • 2 дақ
• 52
ПЕКИН, 12 июнь /"Дунё" АА/. Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари – "Синьхуа" ахборот агентлиги, "Жэньминь жибао" ва "China Daily" газеталари, "Китай", "Lookwe" ва "Psearcher" журналлари ҳамда "china.org.cn" янгиликлар порталида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисидаги иштирокига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хитой ОАВ ёзганидек, форумда 7,5 мингдан ортиқ делегатлар, жумладан, 100 га яқин давлатдан 3 мингга яқин хорижий меҳмонлар иштирок этмоқда. Бу галги форум янги, кенгайтирилган таркибда ўтказилмоқда. Унинг доирасида илк бор ихтисослаштирилган кўргазма ташкил этилиб, унда Ўзбекистон компаниялари ўз лойиҳалари ва қўшма ташаббуслари билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Президенти форумдаги нутқини жаҳондаги бугунги вазиятни қисқача таҳлил қилишдан бошлади. Бугунги кунда геосиёсий жараёнлар жадал ўзгариб бораётгани, глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдидлар кучаяётгани таъкидланди.
"Ўзбекистон раҳбари минтақавий можаролар ва муаммоларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойиллари асосида, БМТ резолюциялари асосида фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади", – деб ёзган нашрлар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти нафақат даромад келтирадиган, балки инсон қадр-қимматини юксалтирувчи, унинг ҳаётий манфаатлари ва жамият тараққиётини таъминлайдиган мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган сармоявий муҳитни яратишга чақирди.
"Сўнгги 8 йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти икки баравар ошди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. 2024 йилда инвестициялар ҳажми 35 миллиард долларга, экспорт ҳажми эса 27 миллиард долларга етди", — дея Ўзбекистон Президентининг сўзларидан иқтибос келтирилган материалларда.
"Яшил" иқтисодиётга қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиард киловатт-соатдан 82 миллиард киловатт-соатга ошди. Яқин 5 йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошади, "яшил" энергия улуши 54 фоизни ташкил этади.
"Ўзбекистонда шундай эзгу ғоялар билан келган хорижий инвесторлар учун барча зарур шарт-шароит яратилган ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватланади ва тўлиқ кафолатланади", – деб ёзган Хитой ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида