“Global News Pakistan” АА: Ўзбекистон ТДТ маконида сувдан оқилона фойдаланиш бўйича глобал ташаббусларни илгари сурмоқда
Октябрь 14, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 14
ИСЛОМОБОД, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Global News Pakistan” ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев қаламига мансуб “Туркий дунёда сув хавфсизлиги: муштарак манфаатлар ва умумий ечимлар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида сув соҳасида қатор амалий қадамлар ташланаётгани қайд этилган. Хусусан, 2024 йил май ойида ТДТ ва Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Сувдан самарали фойдаланиш” мавзусида махсус семинар ўтказилиб, унда аъзо ва кузатувчи давлатлар мутахассислари иқлим ўзгариши шароитида суғоришни бошқариш, қурғоқчилик даврида сувдан тежамкор фойдаланиш ва замонавий агротехнологиялар бўйича тажриба алмашгани урғуланган.
Муҳим институтлардан яна бири сифатида Будапешт шаҳрида фаолият юритаётган ТДТ Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти кўрсатиб ўтилган. Ушбу тузилма сув бошқаруви, ирригация, қурғоқчиликка қарши курашиш ва экологик муаммолар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Нашрда жорий йил 18 июнь куни Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигида Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси Ижрочи директори, ТДТ ҳузуридаги Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти Кенгаши раиси Балаж Хендрик билан учрашув ўтказилгани эслатиб ўтилган. Шунингдек, 2025 йил 5 март куни Брюсселда ўтказилган ТДТ Минтақавий сув форуми сув ресурсларини барқарор бошқариш, замонавий сув технологиялари ва қурғоқчиликка бардошлилик масалаларини янги босқичга олиб чиққани қайд этилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси ТДТ доирасида сув масаласи умумий муҳокама мавзусидан босқичма-босқич илмий, институционал ва амалий ҳамкорлик йўналишига айланаётганини кўрсатади.
Мақолада Ўзбекистон Президенти томонидан ТДТ маконида сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, жорий йил 15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги нутқида Ўзбекистон етакчиси туркий дунёда қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, тупроқ эрозияси ва музликларнинг эриш жараёнларини мунтазам мониторинг қилиш, шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришга сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлагани юқори баҳоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси