Қозоғистон ОАВ: Тошкентда XI Халқаро тасвирий санъат биенналеси ўз ишини бошлади

Октябрь 13, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 185
Қозоғистон ОАВ: Тошкентда XI Халқаро тасвирий санъат биенналеси ўз ишини бошлади

ОСТОНА, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Infozakon.kz” ахборот нашрида XI Тошкент халқаро тасвирий санъат биенналесига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, жорий йилги биеннале “Воқеалар уфқлари” мавзусига бағишланган бўлиб, унда Тошкентнинг етакчи музей ва галереялари маҳаллий ҳамда хорижий рассомларнинг ижод намуналарини намойиш этмоқда. Шунингдек, дастурга Самарқанд шаҳрига сафар ҳам киритилган бўлиб, бу меҳмонларга бир саёҳат давомида ҳам замонавий санъат, ҳам Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради.

Нашрда қайд этилишича, мазкур биеннале 2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинади. Жорий тадбир концепцияси инсоннинг технологик ва маданий ўзгаришлар шароитидаги ўрнини англашга қаратилган. Қадимдан карвон йўллари кесишмасида жойлашган Тошкент эса биеннале ғоясида умид ва янги маъноларни излаш рамзи бўлган “воҳа” сифатида тасвирланган.

Шунингдек ўқинг

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими 12 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтди. Шундан сўнг асосий экспозициялар Тошкент фотография уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамда Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият саройида кенг жамоачиликка тақдим этилмоқда.

Кўргазмалардан ташқари, дастурдан маҳорат дарслари ва халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Чархпалак” кўргазмаси ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Биеннале ўз ишини 16 октябрь куни якунлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Hikmatilla Melikuziyev

melikuziyev@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш