Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграцияни мустаҳкамламоқда

Октябрь 14, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 132
Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграцияни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграцияни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграцияни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграцияни мустаҳкамламоқда

ҚОҲИРА, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг қатор оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Al-Awsat” ва “Eldameer” нашрларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Буюк Британия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашуви ёритилди.

Муаллиф икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмининг ўсиши, Ўзбекистонда 260 та қўшма корхона фаолият юритаётгани, Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси қимматли қоғозларининг жойлаштирилиши ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорлик натижалари хусусида тўхталиб ўтган.

Шунингдек, инфратузилма, энергетика, молия, геология, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш, Буюк Британиянинг Экспортни молиялаштириш агентлигини жалб этиш ҳамда Тошкентда инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритувчи халқаро молия марказини ташкил этиш истиқболларига эътибор қаратилган.

Учрашув якунида кўп тармоқли ҳамкорликни молиялаштириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишилгани икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим қадам сифатида тақдим этилган.

“Al Diplomasy” нашрида чоп этилган мақолада Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларининг минтақавий иқтисодий интеграцияга таъсири таҳлил қилинган.

Ўзбекистоннинг очиқлик ва прагматизм сиёсати минтақада савдо, инвестиция, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланган. Озарбайжоннинг минтақавий мулоқотга қўшилиши, Ўрта коридорнинг аҳамияти ва қўшма иқтисодий лойиҳаларнинг истиқболлари ёритилган.

Шунингдек ўқинг

Материалда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон иштирокидаги саккизинчи Маслаҳат учрашуви натижалари ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янги устувор йўналишлари таҳлил қилинган. Саноат кооперацияси, транспорт инфратузилмаси, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, «яшил» энергетика ва муҳим минераллар соҳаларидаги ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш минтақанинг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим экани қайд этилган. Ўзбекистоннинг қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш, ягона ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақавий касблар атласини ишлаб чиқишга оид таклифлари амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ташаббуслар сифатида кўрсатилган.

Ушбу нашрдаги яна бир мақолада Туркий давлатлар ташкилоти доирасида сув хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари ёритилган. Сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш, қурғоқчиликни барвақт аниқлаш ҳамда ирригация тизимларини модернизация қилишнинг аҳамияти таъкидланган.

Ўзбекистонда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаш ва сув хўжалигини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам мисол сифатида келтирилган.

Шунингдек, туркий давлатлар ўртасида илмий-таълимий алоқаларни кенгайтириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш истиқболлари кўриб чиқилган.

Муаллиф сув хавфсизлигини фақат миллий муаммо эмас, балки минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, экологик барқарорлик ва халқлар фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида талқин қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш