“News Network Pakistan” АА: Ўзбекистон ва Озарбайжон жаҳон технологик индустриясининг муҳим иштирокчисига айланмоқда
Июль 26, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 102
ИСЛОМОБОД, 23 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” ахборот агентлигида “Марказий Осиё ва Озарбайжон стартаплар, инвесторлар ва иқтидорли мутахассислар учун жозибадор марказга айланмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, бир неча йил аввал Марказий Осиё ва Кавказ жаҳон технологик индустриясининг муҳим иштирокчилари сифатида камдан-кам тилга олинар эди. Бугунги кунда эса вазият кескин ўзгармоқда: минтақа инновациялар глобал харитасида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, халқаро инвесторлар, технологик компаниялар ва тадбиркорларни фаол жалб этмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда катта ютуқларга эришган Ўзбекистон ва Қозоғистон тажрибаси эътиборга молик. Ҳар икки мамлакатда ҳам ўзининг “юникорн” компаниялари, кучли инновацион институтлари – “IT Park Uzbekistan ва Astana Hub” – шаклланган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан инвесторлар ишончи тобора ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда мазкур ҳамкорликка Озарбайжоннинг ҳам қўшилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, материалда ушбу мамлакатларни халқаро INMerge инновацион саммити бирлаштираётгани маълум қилинган. Беш йил ичида ушбу форум кичик корпоратив учрашувдан Марказий Евроосиёдаги энг йирик технологик тадбирлардан бирига айланди. Бугунги кунда INMerge Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Туркия ва бошқа мамлакатлар иштирокчиларини бирлаштирмоқда.
Минтақада ягона инновацион маконни шакллантиришга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа – бу Ўзбекистон ташаббуси билан йўлга қўйилган “Digital Startup Awards” дастуридир. У ўзаро интеграциялашган экотизимни шакллантириш мақсадида Марказий Осиё, Кавказ ва Мўғулистоннинг саккиз мамлакати стартап асосчиларини бирлаштириб, бир неча йилдан буён истиқболли технологик лойиҳаларни аниқлаш бўйича энг муҳим платформалардан бири бўлиб келмоқда.
“News Network Pakistan” мақоласида ёзилишича, “Digital Startup Awards” — бу шунчаки танлов эмас, балки ўз компанияларини кенгайтириш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, халқаро бозорларга чиқиш ва инвестиция жалб қилишга тайёр бўлган стартап асосчилари учун комплекс қўллаб-қувватлаш дастуридир.
Айнан шундай дастурлар туфайли иқтидорли жамоалар ўз мамлакатлари чегарасидан ташқарида ҳам ўз салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлмоқда. Натижада, Марказий Осиё, Кавказ ва Мўғулистон халқаро технологик ҳамжамият учун тобора жозибадор минтақага айланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси