Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги тўқимачилик тармоғида янги босқичга чиқмоқда
Июль 26, 2026. 11:04 • 3 дақ
• 80
БЕРЛИН, 26 июль. /“Дунё” АА/. Германиянинг тўқимачилик соҳасига ихтисослашган “Masche” журналида Германия ва Ўзбекистон тўқимачилик саноати уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган “GUZ Partners - German-Uzbek Textile Partners” лойиҳасининг янги босқичига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Германиянинг “GESAMTMASCHE” ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмалари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа Фарғона вилоятидаги муваффақиятли пилот босқичидан сўнг Қашқадарё вилоятида ҳам давом эттирилмоқда.
Лойиҳа Ўзбекистондаги кичик ва ўрта тўқимачилик корхоналарини халқаро бизнес муносабатларига тайёрлаш, уларнинг бошқарув, маркетинг ва коммуникация соҳаларидаги салоҳиятини ошириш, шунингдек, Германия компаниялари учун ишончли ва рақобатбардош ҳамкорлар доирасини кенгайтиришга қаратилган.
Мазкур лойиҳанинг Ўзбекистондаги узоқ муддатли эксперти Камола Набиеванинг таъкидлашича, корхона рақобатбардошлиги фақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан белгиланмайди. Хорижий шериклар билан профессионал мулоқот олиб бориш, аниқ қарор қабул қилиш механизмлари ва самарали бошқарув тизими ҳам барқарор ҳамкорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Мақолада Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бугунги кунда тармоқ замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, вертикал интеграциялашган қиймат занжирлари ҳамда халқаро ижтимоий ва экологик стандартларга мувофиқ фаолият юритишга интилиши билан ажралиб туради. “Нарх ва сифат билан бир қаторда очиқлик, шаффофлик ҳамда келишилган стандартларга риоя қилинишига бўлган ишонч ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда”, - дейди эксперт Камола Набиева.
“GUZ Partners” доирасида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Фаол ва истиқболли тадбиркор аёлларни миллий ҳамда халқаро ишбилармонлик тармоқларига кенгроқ жалб этиш уларнинг бизнес имкониятларини ошириш, хорижий шериклар билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида Қарши шаҳрида ташкил этилган бизнес-форумда Фарғона, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидан келган тадбиркор хотин-қизлар билан ўзаро тажриба алмашилди. Иштирокчилар “Bunyodkor” корхонаси фаолияти билан танишиб, йирик ва кичик корхоналар ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Нашр хулосасига кўра, “GUZ Partners” Германия ва Ўзбекистоннинг кичик ва ўрта корхоналари ўртасида барқарор бизнес муносабатларини шакллантириш, таъминот манбаларини диверсификация қилиш ҳамда тўқимачилик қиймат занжирининг турли босқичларида янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Лойиҳа Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги кўмагида “sequa” ташкилоти иштирокида амалга оширилмоқда, дея мақолага якун ясайди немис манбаси.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси