«PAP» АА: Ўзбекистоннинг туризм компаниялари АҚШ капитал бозорига чиқмоқда

Октябрь 20, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 102
«PAP» АА: Ўзбекистоннинг туризм компаниялари АҚШ капитал бозорига чиқмоқда

ВАРШАВА, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “PAP” ахборот агентлигида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Агентликнинг таъкидланишича, Ўзбекистоннинг “TEG SPV LLC” меҳмонхона ва туризм гуруҳи АҚШнинг “StageWise Strategies Corp.” компанияси билан бирлашиш битимини муваффақиятли якунлади. Натижада “TEG Overseas, Inc.” номи остида фаолият юритадиган янги оммавий компания ташкил этилди. Унинг акциялари АҚШнинг “OTC Markets” бозорида савдога қўйилади.

Мазкур келишув Ўзбекистон компаниясининг АҚШ капитал бозорига чиқиши йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу “TEG” учун халқаро инвестицияларни жалб қилиш, бизнес кўламини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини оширади.

“TEG” Ўзбекистондаги қатор йирик меҳмонхона ва тадбирлар объектларини бошқаради. Улар қаторига “Hilton Tashkent City”, “Wyndham Bukhara” меҳмонхоналари ҳамда Марказий Осиёдаги йирик кўргазма ва конгресс мажмуаларидан бири бўлган “CAEx” киради.

Шунингдек ўқинг

Компания маълумотларига кўра, “TEG” портфелининг 2025 йилдаги даромади 42,9 миллион долларни, соф фойдаси эса 14,4 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар 2024 йилга нисбатан мос равишда 22 ва 215 фоизга ошган.

“TEG” раҳбарияти компаниянинг АҚШ бозорига чиқишини Ўзбекистонда туризм ва бизнес тадбирлари соҳасининг жадал ривожланиши билан изоҳламоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатга қарийб 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб 47 фоиз кўпдир.

“TEG” Марказий Осиёдаги йирик хусусий бизнес тузилмаларидан бири бўлган “AKFA Group” таркибига киради. Гуруҳнинг халқаро ҳамкорлик, қурилиш ва инвестиция лойиҳаларидаги тажрибаси “TEG” фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Компаниянинг АҚШ фонд бозорига чиқиши Ўзбекистон туризм соҳасига халқаро инвесторлар эътиборини кучайтириш ҳамда мамлакатнинг минтақавий туризм маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш