Россия ОАВ: Ўзбекистон Биринчи хонимининг тақдирланиши болалар саломатлиги ва фаровонлиги йўлидаги халқаро эътирофдир

Октябрь 25, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 123
Россия ОАВ: Ўзбекистон Биринчи хонимининг тақдирланиши болалар саломатлиги ва фаровонлиги йўлидаги халқаро эътирофдир

МОСКВА, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Россия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мукофоти билан тақдирлангани ҳақида ёзмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жумладан, бу ҳақда “Коммерсант”, “Газета”, “Мир 24”, “Lenta”, “Рамблер” каби нашрларда материаллар эълон қилинди.

Мақолалар Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва болалар онкологияси соҳасидаги ютуқларига бағишланган. Қайд этилишича, Зироат Мирзиёевага мазкур мукофот онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилган.

Нашрларда ёзилишича, Зироат Мирзиёева “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси ҳисобланади. Фонд ташаббуси билан инфратузилма модернизация қилинмоқда. Шу билан бирга, замонавий даволаш протоколлари жорий этилмоқда, оғир хасталикларга чалинган болаларга даволаниш жараёнида ўқишни давом эттириш имконини берувчи “Меҳрли мактаб” мактаблари ташкил этилмоқда.

Мазкур мукофотни ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебреесус Самарқандда бўлиб ўтган Болалар фаровонлиги бўйича Бутунжаҳон саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II Халқаро конгресс доирасида топширгани таъкидланган.

Шунингдек ўқинг

ОАВда ЖССТ раҳбарининг Зироат Мирзиёевани болалар манфаатлари йўлидаги ҳақиқий етакчи ҳамда уларнинг саломатлик ва таълим олиш ҳуқуқлари ҳимоячиси деб таърифлаган фикрларидан иқтибослар келтирилган.

Россия нашрларининг ёзишича, ЖССТ мукофоти 2019 йилда таъсис этилган бўлиб, аввалроқ унга давлат етакчилари, глобал институтлар раҳбарлари ва олимлар сазовор бўлган.

Шунингдек, ОАВда Зироат Мирзиёеванинг икки йил муддатга оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги Глобал тармоқ раиси этиб сайлангани ҳақида маълумот берилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш