Самарқанддаги Бутунжаҳон саммити доирасида болалар келажаги учун халқаро мулоқот бўлиб ўтди
Октябрь 25, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 156ҚОҲИРА, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Yum as-Sabi” (Youm7) нашрида Самарқандда бўлиб ўтган “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” мавзусидаги Бутунжаҳон саммити ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Биринчи мақолада қайд этилишича, мазкур нуфузли саммитда 100 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, Болалик ва оналик ишлари бўйича миллий кенгаш раиси Саҳар ас-Санбати бошчилигидаги Миср делегацияси ҳам иштирок этган.
Президент Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларига йўллаган мурожаатида болаларга сармоя киритишни кўпайтириш, уларни зўравонлик, эксплуатация ва рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирган.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ўз ташаббусларини билдирган.
Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга оид маълумотлар келтирилган. Хусусан, ўтган давр ичида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 78 фоизгача ошди, қашшоқлик даражаси эса беш йил ичида деярли тўрт бараварга камайди.
Алоҳида мақола Ўзбекистон Президентининг болалар, ота-оналар ва ўқитувчилар учун рақамли саводхонлик дастурларини кенгайтириш, “Самарқанд платформаси”ни мунтазам мулоқот механизмига айлантириш ҳамда муддатлари ва жавобгарлик аниқ белгиланган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича таклифларига бағишланган.
Яна бир мақолада Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг дунёда 400 миллиондан ортиқ бола ўта қашшоқликда яшаётгани, қарийб бир миллиард бола эса иқлим ўзгариши оқибатлари хавфи юқори бўлган мамлакатларда вояга етаётгани ҳақидаги фикрлари келтирилган.
Саммитда иштирок этган Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоған болалар масалаларини глобал кун тартиби марказида ушлаш ва уруш ўчоқларида, аввало, Ғазо секторидаги болаларни ҳимоя қилишга чақирган. У Туркияда болаларни рақамли муҳитдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр билдирган.
Нашрнинг хабар беришича, ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебреесус Зироат Мирзиёева болалар, айниқса, саратон касаллигига чалинган болалар саломатлиги ва фаровонлигини қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси учун ЖССТ Бош директорининг 2026 йилги мукофотига сазовор бўлганини эълон қилган.
Яна учта мақола БМТ вакилларининг нутқларига бағишланган. БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мажиднинг таъкидлашича, дунёдаги ҳар тўрт боланинг учтаси ҳеч қандай ижтимоий ҳимоя шакли билан қамраб олинмаган.
БМТ Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад ўз видеомурожаатида болалар ҳуқуқлари кутиб тура олмаслигини таъкидлаган. БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси Халил ур-Раҳмон эса болалар фаровонлигига киритилаётган сармояларни амалий ечимларга айлантиришга чақирган.
“Al-Yum as-Sabi” икки кунлик саммит якунлари бўйича Болалар фаровонлигига сармоя киритиш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси қабул қилинганини маълум қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


