Индонезия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратмоқда
Декабрь 26, 2023. 16:16 • 2 дақ
• 340
ЖАКАРТА, 26 декабрь. /«Дунё» АА/. Индонезиянинг «ANTARA» миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон билан муносабатларга бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада Индонезия Вакиллар палатасининг Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси (BKSAP) раиси Фадли Зоннинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка оид фикрлари қаламга олинган. Унинг айтишича, Ўзбекистон-Индонезия муносабатлари фақат иқтисодий ва савдо-сотиқдан иборат эмас. Чунки ҳар икки давлатда асосан мусулмонлар яшайди, шунинг учун мамлакатларимизни ўхшаш қадриятлар ва зиёрат туризми ҳам боғлаб туради.
«Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бошқа мусулмон давлатлари каби талаб даражасида. Индонезия энг кўп мусулмон аҳолига эга ва айни пайтда йирик демократик давлатдир. Шу боис икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик иқтисодий ва савдо алоқалари доирасидан ташқарига чиқади», - дея Фадли Зон сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.
Мақолада Ўзбекистон Европа уйғониш даврини илҳомлантирган «илм-фан Маккаси» сифатида баҳоланган. Буни IX асрда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, алгебра фанининг асосчиси Ал-Хоразмий ва замонавий тиббиётнинг отаси Ибн Сино каби буюк алломаларнинг асарлари тасдиқлайди.
Фадли Зон, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳам таъкидланган.
«Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида Фадли Зон ушбу мамлакат парламенти вакилларини АСЕАН Парламентлараро ассамблеяси (AIPA) ҳамда 2024 йил 14 февраль куни Индонезияда бўлиб ўтадиган қонунчилик ва президентлик сайловларига кузатувчи сифатида таклиф қилди, - дея маълум қилган «ANTARA». - У, шунингдек, ўзбекистонлик депутатларни 2024 йил май ойида Балида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон сув форумининг парламент сессиясида иштирок этишга чақирди».
Мақолада Индонезия Вакиллар палатаси парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ҳамда икки давлат парламентларидаги Дўстлик гуруҳи ҳамраиси Эркин Солихов билан кечган мулоқот ҳақидаги маълумотларни ҳам ўқувчилар эътиборига тақдим қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда