Эрон қўлга олинган учувчилари ҳақида маълум қилди, Исроил Ливанга зарбалар йўллади, Яманда портга ҳужум уюштирилди

Август 16, 2026. 12:45 • 2 дақ

71
Эрон қўлга олинган учувчилари ҳақида маълум қилди, Исроил Ливанга зарбалар йўллади, Яманда портга ҳужум уюштирилди
“AP” агентлиги сурати

ТЕҲРОН­­–БАЙРУТ, 16 август. /“Дунё” АА/. Эрон март ойида самолётлари уриб туширилгач, бедарак йўқолган уч нафар учувчисини Қатар ушлаб турганини маълум қилди, Доҳа эса бу айбловларни рад этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Эрон Қуролли Кучлари Бош штабининг Бедарак йўқолганларни қидириш қўмитаси хабар беришича, Қатар март ойида бедарак йўқолган уч нафар эронлик учувчини қўлга олиб, ушлаб турибди. Теҳрон биринчи марта учувчилар минтақадаги бошқа бир мамлакатда бўлиши мумкинлигини баён қилди ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига мурожаат йўллади.

Бироқ Қатар бу айбловларни инкор этди. ТИВ вакили Мажид ал-Ансорийнинг сўзларига кўра, қидирув-қутқарув хизматлари учувчилардан бирининг жасадини топган. Эрон томони маълумотларига кўра эса, тўртинчи учувчи Қатардаги душман ҳарбий базасига зарба бериш бўйича топшириқни бажараётганда ҳалок бўлган.

Ҳўрмуз бўғозида БААнинг “ADNOC” давлат нефть-газ компаниясига қарашли яна бир танкер ҳужумга учради. Жабрланганлар йўқ. БАА бу сўнгги ҳафта ичида “ADNOC” кемасига қилинган учинчи ҳужум эканини таъкидлаб, Эронни зарбаларни тўхтатишга чақирди.

Шунингдек ўқинг

Ливанда Исроил ҳаво зарбалари оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Мамлакат жанубидаги Ансор қишлоғида етти киши, жумладан, уч нафар бола қурбон бўлди, яна икки киши жароҳатланди. Дайр аз-Заҳроний аҳоли пунктида тўрт киши ҳалок бўлди, яна 17 киши тан жароҳати олди.

Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” батальони қўмондони ва бир нечта жангарининг йўқ қилинганини маълум қилди. Биньямин Нетаньяху идораси маълумотларига кўра, дрон ҳужуми натижасида уч нафар исроиллик ҳарбий хизматчи оғир яраланган.

Яманда ҳусийлар Қизил денгизда жойлашган ва мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати назоратидаги Моха портига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида уч киши, жумладан, икки нафар денгиз пиёдаси ҳалок бўлди, порт фаолияти тўхтатиб қўйилди.

Ҳарбийларнинг баёнот беришича, ҳусийлар олтита баллистик ракета учирган. Ушбу ҳужум Яман ва минтақадаги вазият кескинлашувининг навбатдаги кўриниши бўлди. Аввалроқ ушбу ҳаракат Саудия Арабистони ҳудудидаги объектларга зарбалар берганди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш