Logo

Жанубий Корея матбуоти "Бойсун баҳори" фестивали ҳақида ёзмоқда

Апрель 24, 2024. 11:36 • 55 сония

167
Жанубий Корея матбуоти "Бойсун баҳори" фестивали ҳақида ёзмоқда

СЕУЛ, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореяда чоп этиладиган "UN Journal" журнали сайтида жорий йилнинг 1-7 май кунлари Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтадиган "Бойсун баҳори" фестивалига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ёзилишича, жорий йилнинг май ойида хушманзара Бойсун туманида "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Фестивалда нафақат Ўзбекистон вакиллари, балки сайёрамизнинг кўплаб давлатларидан келган меҳмонлар ўзларининг фольклор санъати ва ноёб анъаналарини кенг намойиш этади.

Қайд этилганидек, пурвиқор тоғлар қўйнида ўтказиладиган дунё санъаткорлари, фольклоршунослари, номоддий маданий мерос шинавандалари шодиёнасига туманда қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Икки йилда бир марта ўтказиладиган фестиваль нафақат миллий маданий мерос намуналарини намойиш этади, балки дунё халқларининг фольклор ва номоддий маданий бойликлари билан ҳам таништиради. Бу эзгу ташаббус ўзбек халқи маданиятининг бебаҳо намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштириш, ёш авлоднинг миллий фольклорга қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

"Фестивалнинг айнан Бойсунда ўтказишнинг ҳам ўзига хос чуқур маъноси бор. Асрлар давомида аждодларининг маънавий-маданий меросини асраб-авайлашга муваффақ бўлган ушбу гўзал гўша ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган" – дея таъкидланган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш