Ўзбекистон Президенти Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди

Май 22, 2026. 16:50 • 4 дақ

69
Ўзбекистон Президенти Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди

ТОШКЕНТ, 22 май. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси бугун дунё шиддат билан ўзгараётгани, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётганини таъкидлади. Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик экани қайд этилди.

– Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади, – деди Президент.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда мутолаа маданияти ва китобга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омилдир.

Давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимиз – Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшганини қайд этди. Уларнинг юксак марраларга эришишида илмга интилиш ва китоб мутолааси асосий манба бўлган.

Шу маънода, мамлакатимиз халқаро майдонда қудратли ва юксак салоҳиятли халқ сифатида ўзини намоён этиши учун икки мустаҳкам асосга таяниши зарурлиги таъкидланди. Булар – бебаҳо илмий ва маънавий меросимиз ҳамда замонавий илм-фан ва илғор технологиялардир.

Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан ёшларни китобга ошно қилиш, уларда билимга меҳр ва рағбат уйғотишга устувор аҳамият қаратиб келаётганини таъкидлади. 2017 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови миллионлаб ёшларни китобга яқинлаштирди. “Ёш китобхон оила” танлови эса мутолаа муҳитини ҳар бир хонадонга олиб киришга хизмат қилмоқда.

Жорий йил бошида қабул қилинган қарор асосида энг фаол китобхонларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Куни кеча “Ёш китобхон” танловининг навбатдаги республика босқичи якунланди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 42 нафар энг билимдон ва зукко ёшлар ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этди. Танловнинг уч нафар ғолиби Президент совғаси – замонавий автомобиллар билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбари ғолибларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини самимий табриклаб, бундай иқтидорли, изланувчан ва билимга чанқоқ ёшлар Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий таянчи эканини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Маросимда китобхонликни ривожлантириш бўйича халқаро тажрибага ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида 2015 йилда Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан бошланган “Араб китобхонлик танлови” дастури бугунги кунда жаҳондаги энг йирик маърифий ҳаракатлардан бирига айлангани қайд этилди. Қисқа вақт ичида ушбу ташаббус 200 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олган.

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги яқин дўстлик ва стратегик шериклик доирасида ушбу эзгу ғояни миллий маънавий меросимиз асосида юртимизда янги босқичга олиб чиқишга қарор қилинди.

Шу мақсадда “Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури бошланмоқда. Давлатимиз раҳбари куни кеча ушбу дастурни давлат миқёсида фаол қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида фармойиш имзолаганини қайд этди.

Эндиликда ҳар йили мазкур тадбирнинг финал босқичи Президент даражасида ўтказилади. Дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Бу юртимиз тарихида китобхонлик бўйича энг салмоқли мукофот бўлади.

Мазкур ҳаракат мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Унда умумтаълим мактабларининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилари иштирок этиши мумкин.

Президентимиз ушбу ташаббус мактаблар, оилалар ва бутун жамиятда китобхонлик муҳитини кучайтириш, ёшлар қалбида янги бунёдкорлик руҳини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Мен ушбу дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки жонажон Ватанимиз келажаги учун стратегик инвестиция деб биламан. Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга албатта қодир бўладилар, – деди давлатимиз раҳбари.

Маросимда Президентимиз барча ўқувчи-ёшлар, устозлар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликни ушбу умуммиллий ҳаракатда фаол иштирок этишга чақирди.

Китоб ўқиган, билимга интилган ва эзгу маъноларни англаган миллат ҳеч қачон енгилмаслиги таъкидланди. “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган маърифатпарвар аждодларимиз ғоясини бутун мамлакат миқёсида ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш