“London Post”: Ўзбекистонда Япония капитали иштирокида 84 қўшма корхона фаолият юритмоқда
Декабрь 20, 2025. 09:00 • 3 дақ
• 295
ЛОНДОН, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “London Post” ахборот порталида “Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Порталнинг ёзишича, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик самарали ва жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи мулоқот ривожида туб бурилиш ясади. Ушбу ташриф йирик қўшма иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга туртки берди ҳамда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик векторини белгилаб берди.
Халқаро майдонда Ўзбекистон ва Япония халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб, бир-бирининг позицияларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳамкорлик йилларида Ўзбекистон Япониянинг БМТ органларига номзодини 40 мартадан ортиқ қўллаб-қувватлаган, Токио эса Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари хайрихоҳ бўлган.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик ҳам икки томонлама муносабатларнинг стратегик хусусиятидан далолат беради. Икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган, “Ўзбекистон–Япония” парламентлараро форумининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда, ўзаро ташрифлар амалга оширилмоқда, учрашувлар ва онлайн музокаралар бўлиб ўтмоқда.
Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб, саноат, энергетика, коммуникациялар, инфратузилма, инновациялар, транспорт ва “яшил иқтисодиёт” соҳаларини қамраб олган. Мамлакатлар ўртасидаги савдо энг қулай режимда амалга оширилмоқда, бунинг натижасида товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсишни намойиш этмоқда.
2024 йилда Нагоя шаҳрида Ўзбекистон–Япония савдо уйи очилди. Бу Япония томонининг Ўзбекистон билан савдо алоқаларини кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Япония ва Япония–Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма мажлислари иқтисодий лойиҳаларни мувофиқлаштиришнинг асосий механизми ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокида 84 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Япониянинг нефть-газ, кимё, машинасозлик, логистика, таълим ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган 13 йирик компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
“Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишда Япония молия институтлари ҳам стратегик аҳамиятга эга. 2025 йил январь ойида Тошкентда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСA) билан миллий тиббиётни ривожлантиришда муҳим қадам бўладиган замонавий лойиҳа – Республика неврология ва инсульт марказини қуриш ва жиҳозлаш учун 150 миллион долларлик қарз битими имзоланди”, – дея сўз юритилган манбада.
Ўзбекистон–Япония муносабатларининг маданий-гуманитар йўналиши ўзига хослиги билан ажралиб туради. Йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён “Ўзбекистон–Япония” дўстлик жамияти, “Фукусима–Ўзбекистон” ва “Япония–Ўзбекистон” уюшмалари фаол иш олиб бормоқда. Тошкентда ўрнатилган “Хиросима тинчлик тоши” ва пойтахтимиз марказида барпо этилган Япон боғи ўзбек ва япон халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси