Ўзбекистон фахрий консули Барселона консуллик корпуси ижроия қўмитаси аъзоси бўлди
Апрель 01, 2026. 19:28 • 2 дақ
• 85
МАДРИД, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Каталониянинг “El Nacional” нашрида ёзилишича, Ўзбекистоннинг Испаниядаги фахрий консули Пере Висенс Рахола Барселона консуллик корпуси ижроия қўмитаси таркибига киритилган, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда маълум қилинишича, Барселона консуллик корпуси ижроия қўмитаси консуллик ваколатхоналарининг самарали фаолиятини таъминлаш ҳамда аъзолар ўртасидаги мувофиқлаштиришни амалга оширувчи муҳим орган ҳисобланади.
Ҳозирда Барселона шаҳрида 98 та консуллик ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Каталония ҳукумати маълумотларига кўра, у пойтахт бўлмаган шаҳарлар орасида консулликлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Бу кўрсаткич бўйича шаҳар Нью-Йорк, Гамбург ва Гонконгдан кейин туради.
Ижроия қўмитаси консуллик корпуси, бизнес ҳамжамияти ва маҳаллий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутади. Унинг асосий вазифаларига иқтисодий ва маданий алмашинувларни ривожлантиришга кўмаклашиш, консулни юборган давлат ва унинг фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек дўстона муносабатлар ҳамда савдо-иқтисодий, маданий ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш киради.
Мазкур қўмита таркибига кенг ишбилармонлик ва дипломатик алоқаларга эга бўлган нуфузли ва тажрибали вакиллар танлаб олинади.
Пере Висенс Рахола таълим ва нашриёт соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшган таниқли испан жамоат ва ишбилармон арбобидир. У 2002 йилдан буён Ўзбекистоннинг Испаниядаги фахрий консули сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг бу лавозимдаги иши изчиллик, ташаббускорлик ва амалий натижадорлик билан ажралиб туради.
Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланмоқда, маданий-гуманитар алоқалар кенгаймоқда, шунингдек мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига қизиқиш ортиб бормоқда.
Мадриддаги Ўзбекистон элчихонаси таъкидлашича, фахрий консулнинг Барселона консуллик корпуси ижроия қўмитаси таркибига киритилиши мамлакатимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш ва Европа маконидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим қадамдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси