Logo

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон, Покистон ва Африка давлатлари компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Апрель 02, 2026. 16:10 • 2 дақ

55
Исломобод шаҳрида Ўзбекистон, Покистон ва Африка давлатлари компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Исломобод шаҳридаги элчихонаси дипломатлари Покистондаги “Africa House Pakistan” ташкилоти раиси Рехан Юнас билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон, Покистон ва Африка давлатлари компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, янги қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида ташкилот раҳбари ўз фаолияти бўйича тақдимот ўтказди. Унинг таъкидлашича, “Africa House Pakistan” савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Африка мамлакатлари бозорларига чиқишни қўллаб-қувватлаш, Африка бизнес вакиллари билан B2B форматдаги учрашувларни ташкил этиш орқали экспортга йўналтирилган лойиҳаларни илгари суришда муҳим платформа сифатида фаолият юритмоқда.

“Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз, – деди Рехан Юнас. – Хусусан, нутрицевтика маҳсулотлари, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, соғлиқни сақлашга оид товарлар, шунингдек косметика ва тери парвариши воситаларини қадоқлаш ҳамда қайта ишлаш, истиқболда эса уларни Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича режаларимиз мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Покистон маҳсулотлари, жумладан тўқимачилик, спорт анжомлари, чарм буюмлари ва бошқа экспортбоп товарларни илгари суришга хизмат қиладиган Покистон савдо уйини ташкил этишни таклиф этамиз”.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни учинчи давлатлар, хусусан, Африка бозорларига экспорт қилишда “Africa House Pakistan” имкониятларидан самарали фойдаланиш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, спорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, “Africa House Pakistan” раҳбарияти Ўзбекистон футбол ассоциацияси (УФА) билан техник ҳамкорликни йўлга қўйиш, Покистонда ишлаб чиқарилган профессионал спорт анжомларини тақдим этишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва спорт йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Africa House Pakistan” ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш