Ўзбекистонлик мутахассислар Хитойда камбағалликни қисқартириш тажрибасини ўрганмоқда
Июнь 14, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 75ПЕКИН, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Сирдарё вилояти мутахассислари Хитойда камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга бағишланган ўқув семинарида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси ҳудудий бўлинмалари вакиллари ҳамда ҳоким ёрдамчилари қатнашмоқда.
Семинардан кўзланган асосий мақсад — соҳада ўзаро тажриба алмашиш, Хитойнинг муваффақиятли моделлари ва рақамли иқтисодиёт имкониятлари билан танишиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат.
Юртимиз вакиллари Пекиндаги назарий машғулотлардан сўнг, Шэньси провинциясининг Сиан ва Яньань шаҳарларида бўлиб, иссиқхона хўжаликлари, агротуризм кластерлари ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини бевосита жойларда ўрганадилар.
Нурилла Маматқулов, Сирдарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
— Семинар давомида Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш стратегиясини назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қиляпмиз. Бу ерда орттирилган илғор билим ҳамда кўникмаларни келгусида вилоятимиз туман ва маҳаллаларида татбиқ этишни режалаштирганмиз.
Хожакбар Остонақулов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
— Хитойлик мутахассислар билан мулоқот жуда мазмунли ўтмоқда. Айниқса, камбағалликни қисқартиришда рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича берилган маълумотлар биз учун ниҳоятда долзарб бўлди. Ушбу тажриба мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

