Польшада ўзбек енгил саноат маҳсулотлари учун савдо хаби очилди
Июнь 14, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 72ВАРШАВА, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори Нозимжон Холмуродов бошчилигида ўзбек тадбиркорларидан иборат делегация Польшанинг Лодзь шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирлар доирасида Ўзбекистон енгил саноат маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқишни рағбатлантириш ҳамда маҳаллий экспортчилар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида ташкил этилган савдо хабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Польша Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), Тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси, Польшадаги етакчи импортёр компаниялар ва электрон тижорат платформалари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистондан ташриф буюрган 20 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди.
Иштирокчилар савдо хабининг инфратузилмаси, маҳсулотларни сақлаш ва намойиш этиш имкониятлари, логистика хизматлари ҳамда Польша ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқишдаги афзалликлари билан яқиндан танишди. Ўзбек тадбиркорларига мазкур хаб орқали маҳсулотларни Европа бозорида тарғиб қилиш ва сотиш механизмлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Тадбир доирасида ўзбек ва поляк тадбиркорлари иштирокида B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Уларда экспорт ҳажмини ошириш, янги ҳамкорларни жалб қилиш, маҳсулотларни электрон тижорат платформалари орқали сотиш ҳамда логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация иштирокида Лодзь шаҳрида Наманган вилоятидаги “ART SOFT” компаниясига қарашли янги шоурум ва омбор мажмуасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Меҳмонлар мазкур объектнинг маҳсулотларни сақлаш, намойиш қилиш ва Европа мамлакатларига тезкор етказиб бериш бўйича имкониятлари билан танишди.
Лодзь шаҳрида фаолият бошлаган мазкур савдо ва логистика инфратузилмалари ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг Польша ва Европа бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда миллий брендларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим замин яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



